Муҳаммад Алидан Бейонсегача: қул қилинган африкаликларнинг машҳур авлодлари
Бу қизиқ
−
26 Март
7823XVI асрдан XIX асргача 12 миллион африкаликнинг Атлантика океани орқали Америкага олиб ўтилиши “трансатлантик қул савдоси” даврини ташкил қилган. Бу “учбурчак савдо”нинг иккинчи бўғини эди. Биринчи бўғинда қурол-яроғ, мато ва вино Европадан Африкага юборилган, иккинчисида қуллар Африкадан Америкага олиб кетилган, учинчисида шакар ва қаҳва Америкадан Европага етказилган. Қулдорлик тизими тугатилгунича, жуда кўп ноинсоний ҳаракатлар олиб борилди ва ниҳоят XIX аср сўнггида қулчилик тарихга айланиб, 25 март “Халқаро қуллик ва трансатлантик қул савдосига қарши кураш куни” деб белгиланди. Мақолада қулдорлик тизими, унинг тақиқланиши ва аждодлари ўша давр қулларига бориб тақаладиган машҳур шахслар ҳақида сўз боради.
Трансатлантик қул савдосининг келиб чиқиши
XV аср охирларида португалияликлар аллақачон Африкадан одамларни Атлантика орқали олиб келиб шакар плантацияларида қул қилиб ишлатаётган эди. Тез орада испанлар ҳам шу йўлга ўтди, лекин кейинги 150 йил давомида португаллар трансатлантик қул савдосида етакчи бўлиб қолди. 1700 йилларга келиб эса инглиз ва французлар африкалик қулларнинг тахминан ярмига эгалик қиларди. XVIII асрда шакар ва тамаки плантациялари ривожланиши ортидан қулларга талаб кескин ошиб кетади ва умумий қулчиликнинг учдан икки қисми айнан шу даврда амалга оширилган.
Атлантика шафқатсизлиги ва кемалардаги оғир ва антисанитария шароити вазиятни ёмонлаштириши оқибатида 15-25% қуллар манзилларгача етиб боролмаган. Улар кемада тиқилинч жойлаштирилган ҳолда 8 минг км масофани бир неча ҳафтадан бир неча ойга қадар босиб ўтишга мажбур эди. Кема капитани фақат тирик етказилган қуллар учун ҳақ олгани сабабли уларнинг соғлиғини бутунлай назардан қочира олмаган. Шундай бўлса-да, олиб кетилаётган қулларга зўравонлик ва жинсий тажовузлар қилинган. Баъзан бундай муносабатга чидай олмаган қуллар кемада қўзғолон кўтариб, уни қўлга олишга ҳам муваффақ бўлган. Шундай воқеалардан бири 1839 йилда испан кемасида юз берган. Жозеф Чинке бошчилигидаги қуллар капитан ва экипажнинг икки аъзосини ўлдириб, кемани ўз назоратига олган. Кейинчалик АҚШ Олий суди уларни ватанига қайтариш ҳақида қарор чиқарган.
Қуллар савдосини тақиқлаш
Америка инқилоби пайтида шимолий штатларда инсоннинг бошқа инсон томонидан мулк сифатида эгалланиб, ҳуқуқларидан маҳрум этилишига кучли қаршилик кайфияти мавжуд эди. Аммо жанубий штатлар босими туфайли Конгресс 1808 йилга келибгина қул сотиб олиб келишни қонун билан чеклади. Шундай бўлса-да, қул савдоси Кариб денгизи орқали яширин давом этди.
Буюк Британия 1833 йилда бутун империя бўйлаб қулликни бекор қилди ва Британия денгиз флоти Атлантикадаги қуллар савдосига қарши фаол кураш олиб борди. Бразилия эса 1850 йилда қуллар савдосини тақиқлаган бўлса-да, қул контрабандаси 1888 йилда мамлакат қулликни бутунлай бекор қилгунига қадар давом этди. Оқибатда халқаро босим остида 1880–1886 йилларда Куба, 1883–1888 йилларда эса Бразилия қулликни бутунлай бекор қилди ва трансатлантик қуллар савдоси тарихга айланди.
Аслини олганда, йирик мамлакатлар ихтиёрий равишда қуллар савдосидан воз кечмаган. Адолатсизликларга ортиқ дош беришни истамаган қуллар узлуксиз исёнлар уюштирган ва шундай қўзғалонлар натижасида 1804 йилда мустақилликка эришган биринчи қуллар давлати Гаити Республикаси ташкил топган.
Қуллардан келиб чиққан машҳурлар
Африка мамлакатларидан қул қилиб олиб кетилган миллионлаб одамнинг ҳаммаси ҳам ўз уйига қайтмади. Уларнинг кўпчилиги ёмон шароит оқибатида вафот этган эди. Тирикларининг аксарият қисми вазиятга мослашиб, оила қуриб, фарзандли ҳам бўлганди. Қулдорлик бекор қилингач, бир неча авлод алмашиб кетган африкаликлар ўз юртига қайта олмади. Оқибатда улар Америка ва бошқа қулдор давлатлар бўйлаб тарқалиб кетди ва кўплаб “қора танлилар” жамиятлари пайдо бўлди. Қулдорлик тугатилган бўлса-да, амалда африкаликларга жуда ёмон муносабатда бўлинган ва улар ҳеч қачон ҳеч нарсага осонлик билан эришмаган, яъни ҳар доим курашиб яшашга мажбур бўлган. Шундай бўлса-да, бундай жамиятларда чинакам ақлли ва кучли машҳур инсонлар етишиб чиққан. Қуйида уларнинг бир нечтасига тўхталамиз.
Афсонавий боксчи Муҳаммад Али умр бўйи ирқчиликка қарши курашган ва ҳатто динини ҳам ўзгартирган. У ўз аждодлари билан жуда қизиққан, аммо кўп маълумот топа олмаган. Кейинчалик унинг узоқ қариндоши Кит Уинстед кутилмаган ва “кутилган” маълумотни аниқлади: Муҳаммад Али эркинлик ва қора танлилар ҳуқуқи учун курашган қаҳрамон – Арчер Александрнинг бешинчи авлод набираси эди! Генеалогия соҳаси билан ҳаваскорона шуғулланган 67 ёшли Уинстед қариндошлар шажарасини тузиб чиққан ва ўзининг айтишича, Александрнинг кимлиги ҳақида аввал билмаган. Афсуски, Али бу хабардан икки йил олдин вафот этди. Унинг қизи Марямнинг айтишича, Али Александр билан қариндош эканини билганида жуда фахрланган бўларди:
“У ўзини шундай инсон билан боғлиқ эканини билишдан хурсанд бўларди,” деган у.
1980 йилда “Тhе New York Times” газетасига берган интервьюсида Али шундай деган эди:
“Аждодларим ҳақида деярли ҳеч нарса билмайман, аммо мен вафот этганимдан кейин авлодларим менга ҳурмат билан қарашини хоҳлайман. Худди мен ўз аждодларимни ҳурмат қилганим каби”.
Аждодлари қуллик тизими қурбони бўлган машҳурларнинг яна бири таниқли қўшиқчи – Бейонсе. Унинг “Vogue” журналига берган интервьюси мухлислар учун ҳайратланарли бўлди. Унда Бейонсе ўзининг аралаш ирқий аждодлари ҳақида гапирди:
“Мен яқинда аждодларимни ўрганиб чиқдим ва шуни билдимки, аждодларимдан бири – қул эгаси ўз қулини севиб қолган ва унга уйланган экан”, деди қўшиқчи.
Унинг бу сўзлари асосида “Mail” газетаси чуқурроқ ўрганиш олиб борди ва Бейонсенинг аслида қуллар авлоди эканини аниқлади.
“Биз Бейонсенинг 1800 йилгача бўлган аждодларини аниқладик ва ўша йили туғилган қора танли қул Розали Жин Луи унинг учинчи бувиси эканини билдик”, дейди нашр.
АҚШ архивларига кўра, Розали қулликдаги даҳшатли ҳаётдан қочиб, америкалик бадавлат оқ танли савдогар Жозеф Лейси билан турмуш қурган. Бироқ тарихий ҳужжатларда Жозеф Лейси қул эгаси бўлгани тасдиқланмаган. Шу билан бирга, Жозефнинг бойлигини ҳисобга олганда, Бейонсе интервьюда тилга олган “ҳожа ва қул ўртасидаги севги” эҳтимолдан ҳоли эмас. Розали ва Жозеф 1830 йилда Селестин исмли қиз фарзанд кўрган.
Аралаш ирқдан чиққан бу қиз Луизиана штатидаги шакарқамиш плантацияларида хўжалик юритган асли француз Элой Рене Роземонд Бруссар исмли оилали эркакнинг севгилисига айланган. Аллақачон икки фарзанднинг отаси Элой Селестинни уй хизматкори қилиб ёллайди ва улар севишиб қолиб, 13 нафар фарзанд кўради. Улардан бири Оделиа – Бейонсенинг катта бувиси эди. Қонуний никоҳдан ўтмаган бўлса-да, Элой фарзандларини расмий тан олган, туғилиш ва никоҳ ёзувларида ўз фарзанди сифатида қайд этиб, барча маросимларга иштирок этган. Элой 79 ёшида, Селестин эса 90 ёшида вафот этган.
Оделиа фермер киши билан турмуш қуради ва 18 фарзанд кўради. Бейонсенинг бувиси Агнес уларнинг бири эди. Қўшиқчи интервью давомида бундай ҳақиқатларни билиш ва англаш узоқ давом этганини айтади.
Бундан ташқари, АҚШнинг 44 президенти Барак Обама, криминалистик фильмлар устаси, америкалик актёр Самуэл Л. Жексон ва “Шоушенкдан қочиш” фильми юлдузи Морган Фриман каби кўплаб машҳурларнинг аждодлари Африка давлатларидан келтирилган қуллар экани айтилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қуллик инсоният тарихида кенг тарқалган, шафқатсиз тизим эди. Афсуски, бугунги кунда расмий қуллик тугатилган бўлса-да, ирқчилик ҳамда инсон савдоси ва мажбурий меҳнат ҳануз мавжуд.