Тейлор Свифт ва Бейонсе АҚШ иқтисодиётига катта фойда келтираётгани айтилди
Маданият-санъат
−
13 Август 2023
9982Шу йил ёзда Америка поп мусиқасининг икки ёрқин юлдузи – Тейлор Свифт ва Бейонсе ўзларининг гастроллари доирасида АҚШ шаҳарларида концерт қўймоқда. Санъаткорларнинг шоусидан нафақат уларнинг мухлислари, балки маҳаллий ҳокимият ва тадбиркорлар ҳам қувонч ва завқ туймоқда. Чунки бу гастроллар Америка шаҳарларига катта фойда келтирмоқда. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
АҚШ Федерал резервига кўра,Тейлор Свифтнинг Филадельфиядаги “The Eras Tour” гастрол концерти пандемия бошланганидан бери энг юқори даромадни қайд этган. Бейонсенинг “Renaissance” гастролларидаги концерт кунлари эса ресторанлар ва меҳмонхоналардан тортиб, гўзаллик салонларигача бўлган хизматлар учун сўровлар сони ортиб кетган.
Camoin Associates компаниясининг катта иқтисодчиси Мара Клаунигнинг сўзларига кўра, баъзида Бейонсе ва Свифт концертлари Америка шаҳарларига Миллий Футбол Лигаси (NFL) чемпионатининг Суперкубок финали каби йирик спорт тадбирларидан ҳам кўпроқ фойда келтиради.
"Охирги Суперкубок Аризона штатининг Глендейл шаҳрида бўлиб ўтди. У ерда, бир неча ой ўтгач, Тейлор Свифт гастрол сафарини бошлади. Ушбу икки ҳодисанинг давлат учун иқтисодий самараси деярли бир хил бўлиб чиқди. Свифт бундан ҳам баландроқ эди. Чунки Суперкубок бор-йўғи бир кун, Свифт эса иккита концерт берди. Ахир, одамлар шаҳарга келганда, озиқ-овқат, ичимлик, турар жой, транспорт ва бошқа нарсаларга пул сарфлайди. Агар Бейонсе ва Свифтнинг концертлари бўлмаганида, баъзи шаҳарлар бунча пулни умуман кўрмаган бўларди ", дейди Клауниг.
Тадбиркорлар ҳам эстрада юлдузларининг ташрифи фойда келтираётганини тасдиқламоқда. Масалан, қандолатчи Марсель 10 йилдан ортиқ вақт давомида Балтимордаги ресторанлар билан ишлаган, бироқ Бейонсенинг иккита концерти давомида у Вашингтонда, стадион яқинида хонанданинг оч мухлисларига ўз маҳсулотларини сотган.
"Концерт кунларида иш жуда кўп бўлди. Мен жуда кўп пишириқлар сотдим ва аллақачон бир неча минг доллар ишлаб олдим", дейди Марсель.
Бейонсенинг Америка пойтахтига бориши таксичиларга ҳам катта фойда келтирган.
"Бейонсега раҳмат, биз ҳозир жуда бандмиз. Бу ёзда иш кам эди, лекин у шу ҳафта охирида шаҳарга келгани учун вазият бошқача", дейди такси ҳайдовчиси Майк.
Концерт кунларида турли хизматларга бўлган талаб билан бирга уларнинг нархи ҳам ошиб бормоқда. Мисол учун, “booking.com” меҳмонхона брон қилиш порталига кўра, Тейлор Свифт келганида меҳмонхоналар нархларни уч марта оширади. Бироқ, таҳлилчилар инфляциянинг ўсишидан қўрқишнинг ҳожати йўқ, деб ишонтирмоқда.
"Бу қисқа муддатли инфляциянинг бир тури. Бейонсе Швеция ва Буюк Британияга борганида, у ерда ҳам шундай бўлди. Ўша ойда инфляциянинг ўсиши кузатилди. Аммо концерт тугаши билан нархлар аввалги даражага қайтади", деб тушунтиради Клауниг.
“CBC News” маълумотларига кўра, Тейлор Свифт ижодининг мухлиси хонанданинг концертига ўртача бир минг уч юз долларгача пул сарфлайди. Бунга нафақат чипта, балки турар жой, овқатланиш ва транспорт харажатлари ҳам киради. Клаунигнинг сўзларига кўра, Бейонсенинг мухлислари ўз кумирини кўриш учун арзонроқ, ўртача беш юз долларгача сарфлайди.
"Мен бу ерга Ричмонддан келдим. Мен чиптага 350 доллар сарфладим. Бейонсе бунга арзийди, албатта. Мен унинг ашаддий мухлисиман ", дейди хонанданинг мухлиси Клер.
"Биз иккита чипта учун 700 доллар тўладик. Мен минг долларга чипта сотиб олмоқчи эдим, лекин бунча пулим йўқ. Менимча, бу Бейонсе учун ҳақли нархлар. Мен концертни интиқлик билан кутяпман, ишончим комилки, у ажойиб ижро этади", дейди Бейонсенинг яна бир мухлиси.
“The New York Times” газетасининг QuestionPro маълумотларига таяниб ёзишича, Шимолий Америкадаги мухлислар Свифтнинг концертларига ташриф буюриш учун 4,5 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлашлари кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, Бейонсенинг октябргача давом этадиган ренесанс турнеси доирасидаги шоуси ҳам америкаликларни 4,5 миллиард доллар сарфлашга ундайди.
Эслатиб ўтамиз, 6 август куни Бейонсе Вашингтондаги концертидан сўнг мухлислари уйларига бехавотир етиб олиши учун шаҳардаги метро линияларини банд қилган ва бунинг учун 100 минг доллар тўлаганди. Тейлор Свифтнинг Сиэтлдаги иккита концерти эса ўша ҳудудда 2,3 балли зилзилаларга сабаб бўлганди.
LiveБарчаси