Тейлор Свифтнинг бизнес империяси. Хонанда қандай бойияпти?
Маданият-санъат
−
04 Октябрь 7830 5 дақиқа
Миллиардерлар ҳам, поп юлдузлар ҳам жуда кўп, аммо улар орасида Тейлор Свифт ажралиб туради. У фақат мусиқа сотиш билан чекланмайди – унинг жамоаси кассета савдосидан тортиб меҳмонхона бронларигача чўзиладиган бутун иқтисодий экотизим яратган.
Свифт бир вақтнинг ўзида бир нечта ролни бажаради: у жаҳон миқёсидаги кўнгилочар юлдуз, кино продюсери ва, Канзас Сити Чифс жамоаси ўйинчиси Трэвис Келси билан муносабати туфайли, NFL дунёсида ҳам доимий мавжуд шахс. 2023 йилдан эътиборан у миллиардерлар қаторига ҳам кирди.
Свифт кеча, 3 октябрь куни ўзининг 12-студия альбоми – “The Life of a Showgirl”ни ва шу билан бирга, концерт фильмини чиқарди. Иккаласи ҳам яна миллионлаб – балки ундан ҳам кўпроқ – даромад олиб келиши кутилмоқда.
“Bloomberg Billionaires Index” ҳисоб-китобларига кўра, унинг бойлиги охирги икки йилда яна 1 миллиард долларга ошган ва ҳозирда у 2,1 миллиард долларга етган. Бу ўсишга бозордаги ўзгаришлар, рекорд даражадаги “Eras Tour” гастроллари ва унинг фильми, шунингдек, Свифтнинг ўзининг илк альбомлари ҳуқуқларини сотиб олиши сабаб бўлган.

Кўпчилик машҳурлардан фарқли ўлароқ, Свифт фойдали бизнес келишувларини ўз шахсиятининг бир қисмига айлантирган. У мусиқа индустриясидаги узоқ йиллик муаммога – яъни санъаткорлар эмас, балки кўринмас продюсерлар асосий пулни оладиган тизимга қарши чиқди.
“Тейлор чиқиб: “Мен бундай бўлишига йўл қўймайман, бутун соҳа тизимини ўзгартираман“, деди. Шу сабабли “Swiftonomics” (Свифт иқтисодиёти) деган тушунча пайдо бўлди”, дейди Орегон университети мусиқа профессори Дрю Нобайл.
Фильм премьералари
Тейлор Свифтнинг сўнгги концерт фильми – “Taylor Swift: The Eras Tour” – пандемиядан кейин секинлашган кинотеатр бозори учун мислсиз даражадаги туртки бўлди. IMDB маълумотларига кўра, у бутун дунё бўйлаб 261,7 миллион доллар даромад келтирган.
Фильмни тарқатган AMC кинокомпаниясининг маълум қилишича, ушбу лойиҳа “бир кундаги олдиндан чипта сотуви бўйича барча рекордларни бузган” – ҳатто чипталар сотувга чиққандан уч соат ўтар-ўтмас “Spider-Man: No Way Home” рекордини ҳам ортда қолдирган.
Свифт анъанавий студиялар билан ишламасликни танлади ва тўғридан тўғри AMC билан ҳамкорлик қилди, бу эса унга умумий даромаднинг анча катта улушини олиш имконини берди.

Энди эса у яна бир фильм билан қайтмоқда: “Taylor Swift: The Official Release Party of a Showgirl” – янги альбоми учун чиқарилаётган концерт фильми бўлиб, у фақат бир ҳафтанинг охирида намойиш этиладиган “релиз кечаси” тарзида уюштирилади. “Deadline”* маълумотларига кўра, бу фильмнинг фақатгина АҚШдаги даромади 30–35 миллион доллар орасида бўлиши кутилмоқда.
“Свифт кинотеатрдан фақат фильм намойиши учун эмас, балки ўз мусиқаси, карьераси ва шахсий имижини тарғиб қилиш майдони сифатида фойдаланиш усулини тубдан ўзгартирди”, дейди “Comscore” бозор таҳлилчиси Пол Дергарабедян.
Маҳаллий бизнесни ривожлантириш
Тейлор Свифтнинг улкан “Eras Tour” гастроллари у ташриф буюрган 51 та шаҳар иқтисодиётига беқиёс таъсир кўрсатди. Бу гастрол тарихидаги энг кўп даромад келтирган турне бўлиб, фақатгина Шимолий Америкада чипта сотувидан 2,2 миллиард доллар фойда келтирган.
“Question Pro” сўров компанияси маълумотларига кўра, Свифт мухлислари – Swifties – ушбу турне билан боғлиқ ҳолда АҚШда тахминан 5 миллиард доллар сарфлашган. АҚШ Сайёҳлик Ассоциацияси маълумотларига кўра, ҳар бир иштирокчи ўртача 1 300 долларни саёҳат, меҳмонхона, озуқа ва сувенирлар учун сарфлаган.
Свифт гастролда бўлган шаҳарлар марказларида автомобиль ҳаракати ва меҳмонхоналар бандлиги кескин ошган, Пенсильвания штатидаги Питтсбург каби шаҳарларда рекордлар янгиланган.

Албом чиқарилиши, албатта, “Eras Tour” каби ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) рақамларига таъсир қилмайди, аммо Америка университети иқтисод фанлари профессори Кара Рейнолдснинг таъкидлашича, Свифтнинг албомлари бошқа ижодкорларга қараганда махаллий иқтисодиётда кўпроқ пул айланишига сабаб бўлади.
Бу эса ўз навбатида релиз кечаларини ўтказаётган барлар фаолиятига, мухлислар кеча учун янги кийим сотиб олишига ва концерт фильмини томоша қилиш учун кинотеатр чипталари сотувига тўғридан тўғри таъсир кўрсатади.
Ўз мусиқий каталогига эгалик қилиш
“Bloomberg Billionaire’s Index” маълумотларига кўра, Тейлор Свифт 2019 йилдан бери яратган мусиқа асарларининг умумий қиймати 400 миллион доллар атрофида баҳоланган. Энг муҳим қадамларидан бири – Свифт ўзининг илк альбомларига оид мастер ёзувлар ҳуқуқини хусусий инвестиция фондидан қайта сотиб олиши бўлди. Бу билан у бутун мусиқий меросига, шу жумладан “Taylor’s Version” қайта ёзилган альбомлари устидан ҳам тўлиқ назоратга эга бўлди.
Энди у нафақат илк ижодий ишларининг тарихий муваффақиятидан фойда олади, балки “Eras Tour” туфайли янада катта шон-шуҳратга эришган янги лойиҳаларидан ҳам даромад кўради.
Иқтисодчи Кара Рейнолдс таъкидлашича, Свифт янги альбом чиқарганида унинг олдинги ишларига бўлган талаб ҳам кескин ортиб кетади, бу эса қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.
Свифт охирги икки йилда Spotify’нинг дунё бўйича энг кўп тингланган ижрочиси бўлган. Унинг альбомлари 100 маротабадан ортиқ платина мақомига эришган (яъни ҳар бири 1 миллиондан зиёд нусхада сотилган). Бу ҳисобга сингллар ва альбомдан ташқари чиқарилган қўшиқлар кирмайди.

Стриминг хизматларининг ўсиши натижасида мусиқачилар учун асосий бизнес модели – фақат альбом сотиш – энди асосий даромад манбаи эмас. Свифт бу янги йўлнинг пешқадамларидан бири бўлиб, у янги альбомни “кичик саноатлар”ни ишга туширувчи платформа сифатида кўради:
- мерч (брендланган маҳсулотлар),
- коллекцияга мўлжалланган винил ва кассеталар,
- концерт турлари,
- фильмлар.
“Энди фақат альбом сотуви ёки чипталар эмас. Бу бутун бир иқтисодий механизмга айланди”, дейди мусиқа профессори Дрю Нобайл.
Live
Барчаси