Расман: энди Ўзбекистонда оммавий тартибсизликлар содир этиш учун ўқитилганлар жазоланади

Жамият

image

Ўзбекистонда оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бугун, 27 март куни қабул қилинган қонун билан Жиноят кодексига шуни назарда тутувчи тегишли ўзгартириш киритилди.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят кодексининг 244-моддасига оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ҳамда ушбу фаолиятни молиялаштирганлик учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда.

Қонунга кўра, шахснинг оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтиши, шу жумладан оммавий тартибсизликларни содир этиш билимини, амалий маҳоратини ва кўникмаларини эгаллаши, ўқув чоғида қурол-яроғ, портлатиш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган бошқа моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш усулларини ўрганиши:

БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

Шунингдек, ушбу жиноятни содир этган шахс, агар у ўқувдан ўтгани тўғрисида ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар қилса, содир этилган жиноятни фош қилишга ёки бундай ўқувдан ўтган, ўқувни амалга оширган, ташкил этган ёхуд молиялаштирган бошқа шахсларни, шунингдек, ўқув ўтказилган жойни аниқлашга фаол кўмаклашса ва агар унинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби мавжуд бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши белгиланди.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг амалдаги 244-моддасида оммавий тартибсизликларга даъват қилиш, қурол қўллаб ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва шу каби бошқа ҳуқуқбузарликлар учун  БҲМнинг 300 баравари миқдорида жаримадан 15 йил озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар назарда тутилган.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини маъқуллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жиноят кодекси оммавий тартибсизлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг