Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 65,4 млрд долларга етди
Local
−
16:10 400 2 minutes
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,3 фоизга ошиб, 65,4 миллиард долларни ташкил этди. Бироқ экспорт 5,5 фоизга камайган, импорт эса 15,7 фоизга ўсган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг 28 октябрда эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, январь–сентябрь ойларида экспорт ҳажми 25,8 миллиард долларни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоиз кам. Импорт эса 15,7 фоизга ўсиб, 39,6 миллиард долларга етган. Натижада ташқи савдо балансида 13,7 миллиард долларлик манфий салдо қайд этилган. Ўтган йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 6,9 миллиард доллар бўлган.
Шу билан бирга, олтин ҳисобга олинмаган ҳолда товарлар экспорти 31,6 фоизга ўсиб, 13,3 миллиард долларга етган. Номонетар олтин экспорти эса 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларидаги 9,8 миллиард доллардан жорий йилда 2,8 миллиард долларгача камайган.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда. Ҳисобот даврида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 15,2 миллиард долларни ташкил этган. Кейинги ўринларда Россия — 10,5 миллиард доллар, Қозоғистон — 4,3 миллиард доллар, Туркия — 2,2 миллиард доллар ва Афғонистон — 1,6 миллиард доллар қайд этилган.
Экспорт таркибида хизматлар ҳажми 9,7 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 фоиз кўп. Хусусан, туризм хизматлари экспорти 5,3 миллиард доллар, транспорт хизматлари экспорти эса 2,9 миллиард долларни ташкил қилган.
Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт ускуналари ҳиссасига тўғри келган — 12,9 миллиард доллар. Шунингдек, 5,8 миллиард долларлик саноат товарлари, 4,8 миллиард долларлик кимёвий маҳсулотлар ва 4,2 миллиард долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган.
Live
All