Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги “BB+”га кўтарилди

−

image

“S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB”дан “BB+” даражасига кўтарди. Прогноз “барқарор” даражада сақланди. Бу мамлакат тарихида мазкур агентлик томонидан берилган энг юқори рейтинг бўлиб, инвестициявий даражага чиқиш учун яна бир поғона қолди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Маълум қилинишича, рейтинг Ўзбекистоннинг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли қарз мажбуриятлари бўйича кўтарилган. S&P Global Ratings бундай қарорни мамлакатда иқтисодий сиёсатнинг мустаҳкамланаётгани, энергетика соҳаси ва давлат корхоналарида ислоҳотлар давом этаётгани, шунингдек, ташқи молиявий барқарорликнинг яхшиланиши билан изоҳлаган.

Агентлик баҳосига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг номинал ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 15 фоизга қайта кўриб чиқилиб, 169 миллиард долларга етказилган. Бу ўзгариш натижасида 2029 йилгача давлатнинг соф қарзи ЯИМга нисбатан ўртача 24 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Аввалги прогнозда бу кўрсаткич 30 фоиз даражасида баҳоланган эди.

Шунингдек, давлатнинг бюджет харажатларини назорат қилиш ва молиявий мажбуриятларни чеклашга қаратилган чоралари ҳам рейтинг ошишига таъсир кўрсатган. Хусусан, энергетика соҳасидаги давлат субсидиялари 2023 йилдаги 1,5 миллиард доллардан 2025 йилда 600 миллион долларгача қисқарган. S&P келгуси уч йилда бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан тахминан 3 фоиз атрофида сақланишини прогноз қилмоқда.

Ҳукумат давлат корхоналарининг ташқи қарз олишини тартибга солишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштирмоқда. Шу билан бирга, 2026 йилда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича йиллик мажбуриятларни 6,5 миллиард доллар билан чеклаш режалаштирилган. Бу чоралар давлат бюджети зиммасига тушиши мумкин бўлган қўшимча молиявий юкларни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ташқи молиявий барқарорлик ҳам рейтингни оширишда муҳим омиллардан бири бўлган. Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2023 йилдан буён икки баробардан кўпроқ ўсиб, 2026 йил октябрь ойи охирида қарийб 64 миллиард долларга етган. Бунда олтин нархининг юқорилиги ва хориждан пул ўтказмалари оқимининг барқарорлиги муҳим роль ўйнаган.

Маълумотларга кўра, олтин мамлакат товар экспортининг 40 фоизигача бўлган қисмини, фойдаланиш мумкин бўлган халқаро захираларнинг эса қарийб 90 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, олтиндан ташқари маҳсулотлар экспорти, туризмдан тушумлар ва хориждаги ўзбекистонликлардан келаётган пул ўтказмалари ҳам ташқи молиявий мувозанатни сақлашга ёрдам бермоқда.

Иқтисодий ўсиш суръатлари ҳам юқори даражада сақланмоқда. 2026 йилнинг биринчи тўққиз ойида Ўзбекистоннинг реал ЯИМи 8,3 фоизга ўсган. S&P йил якунида бу кўрсаткич 8 фоизга етишини, 2029 йилгача эса иқтисодий ўсиш ўртача 6,7 фоиз даражасида бўлишини прогноз қилмоқда.

Шу билан бирга, агентлик Ўзбекистон рейтингига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган айрим чекловларни ҳам қайд этган. Жумладан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг нисбатан пастлиги, кредитларнинг 39 фоизи хорижий валютада экани ҳамда банк тизимида давлат улушининг юқорилиги шулар жумласидан. Ҳозирда банк секторининг 61 фоизи давлат банклари ҳиссасига тўғри келади. Бу соҳада хусусийлаштириш жараёнлари ҳам кутилганидан секинроқ кечмоқда.

Агентлик келгусида олтин нархининг пасайиши, давлат қарзини жалб қилиш харажатларининг ортиши ва бюджет тақчиллигини қисқартириш жараёнини ҳам кузатиб боради. S&P прогнозларига кўра, олтиннинг бир трой унцияси нархи 2026 йилдаги 4 300 доллардан 2028 йилга келиб 3 500 долларгача пасайиши мумкин. Рейтингни янада ошириш учун бюджет тақчиллигини изчил камайтириш ва давлат корхоналарига бериладиган давлат кредитлари устидан назоратни кучайтириш муҳим бўлади.

Саида Мирзиёева ўз баёнотида рейтингнинг ошишини тизимли иқтисодий ислоҳотлар, мувозанатли молия сиёсати ва Президентнинг узоқ муддатли стратегияси натижаси сифатида баҳолаган. Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг ижобий натижаларини халқаро ҳамкорларга етказишда ишчи гуруҳнинг тезкор ва очиқ таҳлилий мулоқотлари ҳам S&P томонидан алоҳида эътироф этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг стратегик мақсади 2030 йилга қадар суверен кредит рейтингини инвестициявий даражага олиб чиқишдан иборат.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends