Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ҳолатлари кўпайди
−
18:55 619 3 minutes
Ўзбекистонда йил бошидан буён ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, сўнгги ойларда айрим ҳудудларда ўсиш кузатилмоқда. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигида масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, мавсумий касалликларга қарши курашиш бўйича вазифалар белгиланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов иштирокида ўтказилган йиғилишда эпидемиологик вазият ва тиббиёт муассасаларининг мавсумий касалликларга тайёргарлиги муҳокама қилинган. Унда вазирлик ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий бошқармалар, даволаш муассасалари ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати раҳбарлари қатнашган.
Йиғилишда маълум қилинишича, жорий йилнинг 10 ойида республикада ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайган. Шунга қарамай, октябрь–ноябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида касалланиш кўрсаткичлари ошган.
Айни пайтда мамлакат тиббиёт муассасаларида болалар учун 10 минг 573 та ўрин-жой ажратилган. Уларнинг бандлик даражаси одатий кўрсаткичдан бироз юқори экани қайд этилган. Шу боис, беморларни тўғри йўналтириш, қўшимча захира ўринларини тайёрлаш ва мавжуд тиббий имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланган.
Элдор Одилов тиббиёт муассасаларидаги юкламани камайтириш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими фаолиятини кучайтириш кераклигини айтган. Унинг айтишича, грипп ва ЎРВИ билан касалланган беморларни эрта аниқлаш ҳамда назоратга олишда оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамшираларининг масъулияти катта
“Грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва беморларни назоратга олишда бирламчи бўғиннинг масъулияти катта. Шу боис оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамширалари уйма-уй юриб, аҳолига зарур тиббий ёрдам кўрсатиши лозим. Шамоллаш мавсумида ҳеч бир бемор эътибордан четда қолмаслиги керак. Агар бирламчи тизимда ишлар тўғри ташкил этилмаса, шифохоналарда ўрин-жойлар сонини ошириш билан юкламани камайтириб бўлмайди”, дейди вазир.
Шунингдек, йиғилишда эпидемиологик вазиятни ҳар куни таҳлил қилиш ва ҳудудий штаблар ишини самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган. Болалар, туғуруқ, шошилинч ҳамда юқумли касалликлар шифохоналарида эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча захира ўринларини ташкил этиш вазифаси ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, антибиотик ва гормонал препаратлардан фақат тиббий кўрсатма асосида фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, тиббиёт муассасаларини зарур дори воситалари билан таъминлаш топширилган. Аҳоли ўртасида профилактика, вакцинация ва ўзбошимчалик билан даволанишнинг салбий оқибатлари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш ҳам вазифалар қаторига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ куз-қиш мавсумида айрим юқумли касалликлар билан касалланиш эҳтимоли ортиши, жумладан, коксаки инфекцияси ушбу мавсумда кўпроқ тарқалиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All