Фарғонада сохта давлат рақамидан фойдаланган ҳайдовчиларга жиноят иши қўзғатилди (видео)

Crime

−

image

Ўзбекистонда автомобилларга сохта ёки давлат рўйхатидан ўтказилмаган рақам белгиларини ўрнатган бир нечта шахс аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакат йўлларида ҳуқуқбузарликларни автоматик аниқлаш ва қайд этишга мўлжалланган 5,5 мингдан ортиқ махсус қурилма фаолият юритмоқда. Йил бошидан буён тезликни ошириш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 40 фоизгача камайган.

Шу билан бирга, айрим ҳайдовчилар белгиланган жазодан қочиш мақсадида транспорт воситаларига сохта ёки давлат рўйхатидан ўтказилмаган рақам белгиларини ўрнатаётгани аниқланган. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ИИВнинг тегишли бўлинмалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан тезкор тадбирлар ўтказилган.

Хусусан, жорий йилнинг 5 ноябрь куни Наманган халқаро аэропортида Москва – Наманган йўналиши бўйича учиб келган, Косонсой туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаронинг юк сумкаси текширилган. Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш давомида ундан тегишли ҳужжатлари бўлмаган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган сохта автомобиль рақам белгилари топилган.

Тезкор текширувлар давомида Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ҳам бир нечта автомобильга ўрнатилган давлат рақам белгиларининг сохталиги фош этилган. Суриштирувларда айрим фуқаролар сохта рақамларни хорижий давлатлардан ижтимоий тармоқлар орқали буюртма қилгани, бошқалари эса танишларидан сотиб олганини билдирган.

Барча ҳолатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, сохта давлат рақамлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 227-1-моддаси (Автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек уларни қалбакилаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида вояга етмаган шахслар қалбаки давлат рақамлари ва махсус маякчали автомобиллар билан юргани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends