Ўзбекистон халқаро арбитраж ишида туркиялик даъвогарлар устидан ғалаба қозонди
−
19:41 1010 2 minutes
Ўзбекистон туркиялик даъвогарлар билан 5 йил давом этган халқаро арбитраж ишида ғалаба қозонди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 октябрь куни Инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказ (ICSID) арбитраж трибунали Туркия фуқароси Меҳмет Зеки Обуз ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикасига қарши қўзғатган халқаро арбитраж иши юзасидан қарор қабул қилган.
Қарорга мувофиқ, даъвогарлар томонидан Ўзбекистон Республикасига қарши илгари сурилган барча даъво талаблари рад этилган.
Ушбу инвестициявий низо Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида 1992 йилда тузилган инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим асосида қўзғатилган бўлиб, 2021 йил июнь ойида бошланиб, 5 йил давом этди.
Маълумот учун, туркиялик даъвогарлар талабларининг рад этилиши Ўзбекистоннинг турк инвесторлари билан баҳсларда яқинда эришган бир қатор ғалабаларини давоми бўлди. Хусусан, 2024 йилнинг октябрь ойида ICSID Bursel Tekstil компаниясининг тахминан 700 миллион долларлик даъвосини рад этган бўлса, 2019 йилда Günesh Tekstil иши бўйича даъволарнинг қарийб 90 фоизи рад этилган эди.
Жорий иш бўйича арбитраж трибунали эълон қилган қарор низолашувчи томонлар учун якуний ҳисобланади.
Қайд этилишича, мазкур арбитраж ишида давлат манфаатларини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда “Curtis, Mallet-Prevost, Colt & Mosle” халқаро юридик компанияси (АҚШ) ҳимоя қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг июнь ойида бир гуруҳ туркиялик тадбиркорлар Инвестиция бўйича низоларни ҳал қилиш халқаро марказига мурожаат қилиб, Ўзбекистонга қарши даъво очгани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда иш картасида даъвочилар сифатида Меҳмет Зеки Обуз, Севде Йилмаз, Хури Обуз ва Tasfiye Halinde Obuzlar Gida, Temizlik Maddeleri, Züccaciye ve Tekstil Sanayi Ticaret Limited Sirketi кўрсатилган. Маълумотларга кўра, Меҳмет Зеки Обуз Ўзбекистонга ўтган асрнинг 1995 йилда келган. У “Сундус” қўшма корхонаси асосчиларидан бири, 1998 йилда эса унинг бош директори бўлган.
Live
All