Ўзбекистон ва Уммон ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий этилади

−

image

Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий этилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уммонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Уммон Султонлиги Ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида битим имзоланган. Ҳужжат Муқаддима ва 14 та моддадан иборат.

Битим икки давлат фуқароларига амал қилиш муддати камида 6 ой бўлган хорижга чиқиш биометрик паспорти бўйича бир-бирининг ҳудудига визасиз кириш, транзит ўтиш ва ундан чиқиш ҳуқуқини беради.

Ҳужжатда қуйидаги масалалар тартибга солинади:

  • ҳар бир ташрифда 30 кунгача, бир календарь йили давомида жами 180 кундан ошмайдиган муддатга визасиз бўлиш;
  • визасиз режим доимий яшаш, ўқиш ёки меҳнат рухсатномасини талаб қиладиган фаолият учун татбиқ этилмайди; белгиланган муддатдан ортиқ бўлиш учун қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ виза олинади;
  • форс-мажор ҳолатларида бўлиш муддатини бепул узайтириш тартиби;
  • паспорт йўқотилган ёки шикастланган тақдирда вақтинчалик йўл ҳужжати бериш ва визасиз чиқиш тартиби;
  • ҳар бир томоннинг номақбул деб топилган шахсларнинг киришини рад этиш ёки бўлиш муддатини қисқартириш ҳуқуқи.

Билдирилишича, битимнинг тузилиши икки давлат фуқароларининг ўзаро сафарларини сезиларли даражада енгиллаштиради, туризм, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.

Мазкур битим томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички тартиб-таомилларни бажарганликлари тўғрисидаги сўнгги хабарномани олган санадан бошлаб ўттиз кун ўтгач кучга киради.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends