Ўзбекистонда 30 мингга яқин педагог касбий синовдан ўта олмади
−
10:15 1670 2 minutes
2024–2026 йилларда ўтказилган олтита касбий сертификатлаш синовида жами 47 936 нафар педагог иштирок этган. Уларнинг қарийб учдан икки қисми белгиланган синовлардан муваффақиятли ўта олмаган. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, агентлик сертификатлаш натижаларини Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди, шунингдек, 46 та фан ва мутахассислик бўйича таҳлил қилган. Синовларда мамлакатдаги жами педагогларнинг 6,9 фоизи қатнашган.
Сертификат олган педагоглар орасида энг катта гуруҳни 56–70 балл тўплаганлар ташкил этган — уларнинг сони 12 693 нафар. 4 778 нафар педагог 72–85 балл, 608 нафари эса 86 ва ундан юқори балл олишга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, юқори натижа қайд этганлар сертификат олган педагогларнинг атиги 3,4 фоизига тўғри келган.
Агентлик таҳлилда педагог кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари битирувчиларининг касбий сертификатлаш натижаларини ҳам ўзаро таққослаган. Унга кўра, сертификат олганлар улуши қуйидагича:
- анъанавий давлат университетлари битирувчилари орасида — 39,9 фоиз;
- ихтисослаштирилган ва бошқа олий таълим ташкилотлари битирувчилари орасида — 37,6 фоиз;
- педагогика олийгоҳлари битирувчилари орасида — 37,2 фоиз;
- ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари орасида — 24,7 фоиз;
- хорижий таълим ташкилотлари битирувчилари орасида — 23,3 фоиз.
Шундай қилиб, таҳлил қилинган тоифалар орасида энг юқори кўрсаткич анъанавий давлат университетлари битирувчиларида, энг паст натижа эса хорижий таълим ташкилотлари битирувчиларида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда педагоглар учун пойтахт ёки вилоят марказларига бориб, бир ойлик курсларда мажбурий ўқиш талаби бекор қилиниши ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилган. Шунингдек, давлат раҳбари болаларнинг қизиқиши, дунёқараши ва ахборот олиш хусусияти ўзгараётгани, шу боис ўқитувчилар мунтазам ўқиб, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидлаган эди.
Live
All