“Барби”дан тортиб GM раҳбаригача. 2023 йилнинг энг нуфузли аёллари кимлиги айтилди

Бу қизиқ

image

Британиянинг “Financial Times” газетаси талқинига кўра йилнинг энг нуфузли 25 нафар аёли рўйхатига бутун дунё бўйлаб катта шов-шувларга сабабчи бўлган “Барби” фильмидаги бош қаҳрамон ролини ижро этган актриса Маргот Робби, қўшиқчи Бейонсе ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен киритилди.

Маргот Робби

Рейтингдан Украина Президентининг рафиқаси Елена Зеленская, эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Наргис Муҳаммадий, OpenAI’нинг технологиялар бўйича бош директори Мира Мурати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Биологик хилма-хиллик бўйича конвенцияси ижрочи котиби Элизабет Марума Мрема ва Бразилия атроф-муҳит вазири Марина Силва ҳам ўрин олган.

Мира Мурати

Бундан ташқари, нашр кузатувчилари рўйхатга нигериялик ёзувчи ва шоира Лола Шонайин, америкалик актриса ва сценарийнавис Фрэн Дрешер, Ernst&Young консалтинг компанияси бош директори Жанет Транкейл, Япониянинг Suntory Beverage and Food озиқ-овқат компанияси бош директори Макико Оно ва венгриялик олима Каталин Карикони киритди.

Макико Оно

Шунингдек, рейтингга ёзувчи ва шоир Барбара Кингсолвер, дизайнер Фиби Файло, ҳинд актрисаси ва қўшиқчиси Алиа Бҳатт, General Motors компанияси раҳбари Мэри Барра, швейцариялик сиёсатчи Карин Келлер-Зуттер ҳам кирган.

General Motors компанияси раҳбари Мэри Барра

Бундан ташқари, газета рўйхатга америкалик олим ва тадбиркор Лиза Дайсон, Американинг United Parcel Service транспорт компанияси раҳбари Кэрол Том, ҳашаматли кийим-кечак ишлаб чиқарувчи Kering (Gucci ва Balenciaga брендлари эгаси)нинг барқарор ривожланиш бўйича директори Мари-Клер Даву, америкалик теннисчи Коко Гауфф, Испания миллий терма жамоаси футболчиси Женнифер Эрмосо, шунингдек, Кореянинг “Aespa” поп гуруҳи аъзоларини киритди. 

Испания миллий терма жамоаси футболчиси Женнифер Эрмосо

Маълумот учун, топ 25 аёллар рўйхатидаги Фрэн Дрешер Экран актёрлари гилдияси ва Америка телевидение ва радио санъаткорлари федерацияси (SAG-AFTRA) уюшмаси президенти ҳисобланади. Бу йил у ассоциациянинг 160 мингга яқин аъзоларининг 118 кунлик иш ташлашига раҳбарлик қилди. Иш ташлаш 14 июлда бошланган ва Қўшма Штатларда кино ишлаб чиқаришни тўхтатган. Актёрлар маошларни ошириш, қўшимча ишлаганлик учун компенсация тўлаш ва кинода сунъий интеллектдан фойдаланишни чеклашни талаб қилган.

 Фрэн Дрешер

Каталин Карико эса физиология ёки тиббиёт бўйича 2022 йилги Нобель мукофоти совриндори. Нобель ассамблеяси унинг нуклеин кислота асосларини модификациялаш соҳасидаги кашфиётларни қайд этган. Кариконинг ютуқлари пандемия даврида COVID-19 га қарши самарали mRNK вакциналарини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнади.

Каталин Карико

Наргис Муҳаммадий 2023 йил 6 октябрда тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати сифатида эълон қилинди. Мукофот унга “Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши кураш, барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш” учун берилган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Наргис Муҳаммадийга Нобель мукофотининг берилишини “айрим Европа ҳукуматларининг интервенцион ва антиэрон сиёсатига” мос келадиган сиёсий ҳаракат деб атаган.

Наргис Муҳаммадий


Мақола муаллифи

Теглар

Бейонсе Барби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг