“Ака Шариф”нинг укасига акасини YouTube’да ҳақорат қилгани учун суд ҳукми ўқилди

Жамият

image

Ўзбек кино оламида “Ака Шариф” роли билан танилган Толиб Ҳожиевнинг укаси А.Ҳожиев жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда 2025 йилнинг 20 март куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди ҳукм чиқарган.

QALAMPIR.UZ ихтиёридаги суд ҳужжатида келтирилишича, актёр Толиб Ҳожиевнинг туғишган укаси А.Ҳожиев 2024 йил 8 октябрь куни “Milliy TV” телеканалида намойиш қилинган “Очилмаган сир” номли кўрсатувнинг YouTube’га жойлаштирилган “Қудам мени шантаж қилди” номли сонининг шарҳига ўзига тегишли профиль орқали изоҳ қолдирган ва акасининг шахсий сирларини оммага ошкор қилиб, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Суд мажлисида судланувчи Алимардон Ҳожиев айбига қисман иқрорлигини билдириб, туғишган акаси билан 2022 йил апрель ойидан буён ораларига совуқчилик тушганини, акасини ҳақорат қилишига эса шу кўрсатувнинг 33-дақиқасида “ноқобилроқ укамиз, чала ҳуқуқшунос, ички ҳасад, мени қаматмоқчи бўлди” деб уни назарда тутиб, у ҳақида гапирганини, ушбу кўрсатувнинг YouTube платформасига жойланиши унинг ор-номусига, шаънига, ишчанлик қобилиятига, жамиятдаги обрўсига путур етказганини, акаси бу ишни унда шахсий адовати борлиги учун қилганини, буни исботлаш мақсадида YouTube платформасига жойланган “Очилмаган сир” кўрсатуви остида комментарийлар бўлимида ўз фикрларини билдирганини айтган.

Алимардон Ҳожиев ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, бунақа ҳолат бошқа такрорланмаслигини, унинг оилавий шароитини инобатга олиб, ишни одилона кўриб чиқишни сўраб кўрсатма берган.

Аммо унинг акаси ва жабрланувчи Толиб Ҳожиев суд мажлисида укаси уни “Худосиз”, “Иймонсиз”, “Отасига оқ бўлган”, “Наҳс”, “Фоҳишабоз”, “Оқпадар”, “Номуссиз”, “Отасидан хазар қилган” ва ҳоказо ҳақоратли сўзлар билан ҳақорат қилганлигини айтиб, укасига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Суд давлат айбловчисининг хулосасини, судланувчи Алимардон Ҳожиев, жабрланувчи ва гувоҳнинг кўрсатувларини эшитиб, судланувчининг жиноят содир этганликдаги айби, унинг айбига қисман иқрор бўлиб берган кўрсатувларидан ташқари, унинг айби юқорида қайд этилган далиллардан ташқари, судга оид лингвистика экспертизаси хулосаси, нарсани ашёвий далил деб топиш қарори, юзлаштириш баённомалари билан ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддаси тартибида текширилган ва баҳоланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ тасдиқланган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 ва 28-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 454-457 , 463, 465-468 , 471-473-моддаларига амал қилиб, қуйидагича суд ҳукм қилган:

“Ҳожиев Алимардон Тожиевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин ва унга иш ҳақининг 15 (ўн беш) фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.

Жазо муддати маҳкумни жазони ўташ учун юборилган корхона, муассаса, ташкилотда иш бошлаган кундан ҳисоблансин. Ҳукм ижросини назорат қилиш Тошкент вилояти Оққўрғон туман ИИО ФМБ зиммасига юклатилсин.

Ҳукм қонуний кучга киргач:

  • A.Ҳожиевга қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси бекор қилинсин.
  • Манфаатдор томонларга судланувчининг жинояти натижасида ўтказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилсин”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ телебошловчи Нилуфар Сотиболдиевани ҳақоратлаган фуқарога  1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толиб Ҳожиев Ака Шариф Алимардон Ҳожиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар