Ўзбекистон Биринчи хоними Корея Миллий сарой музейига борди
Local
−
20:12 194 2 minutes
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида мамлакат Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Корея Республикаси Биринчи хоними Ким Хе Гён ҳамроҳлигида Корея Миллий сарой музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда Зироат Мирзиёеванинг Telegram каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, музей экспозицияси орқали асрдан ортиқ вақт давомида Корея сиёсий ва маданий ҳаётида алоҳида ўрин тутиб келган Чосон қироллик сулоласининг асрлик тарихи ва бой маданий мероси билан танишиш мумкин.

Ўзбекистон Биринчи хонимига сулола вакилларининг қадимий қўлёзмалари ва шеърий асарлари, анъанавий либослар ҳамда ўша даврнинг турмуш тарзи, анъаналари ва бадиий меросини акс эттирувчи сарой маданиятига оид бошқа экспонатлар намойиш этилган.


Музей экспозицияси билан танишгандан сўнг, Зироат Мирзиёева ва Ким Хе Гён икки томонлама учрашув ўтказган.


Самимий ва дўстона руҳда ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Корея халқларини кўп йиллик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий муштаракликка асосланган узвий ришталар боғлаб туриши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига боргани ҳақида хабар берилган эди. Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасида меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар кутиб олди. Ўзбекистон етакчисининг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар юрт озодлиги ва мустақиллиги йўлида жон фидо қилган ватанпарварлар хотирасига эҳтиром кўрсатишдан бошланди. Кейинроқ Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Музокаралар якунлари бўйича Президентлар ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Live
All