Шавкат Мирзиёев дунёнинг энг нуфузли мусулмонлари рўйхатига кирди
Interesting
−
12:03 1346 3 minutes
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2027 йил учун тузилган дунёнинг 500 нафар энг нуфузли мусулмони рейтингида 40-ўринни эгаллади. Бу ҳақдаги рўйхат Иорданиядаги Подшоҳлик ислом стратегик тадқиқотлар маркази (RISSC) томонидан тайёрланган “The Muslim 500” нашрида эълон қилинди.
“Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан буён Ўзбекистон Президенти лавозимида фаолият юритиб, кенг кўламли “Янги Ўзбекистон” ислоҳотлар дастурига бошчилик қилмоқда. Бунга қадар 2003 йилдан 2016 йилгача Бош вазир лавозимида ишлаган бўлиб, Ислом Каримовнинг 25 йиллик бошқарувидан сўнг унинг ўрнини эгаллади”, дейилади манбада.
Шунингдек, рейтинг муаллифларига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларини ҳам қайд этган. Хусусан, Ўзбекистон етакчиси иқтисодиётни либераллаштириш, жумладан, валюта ислоҳотларини ўтказиш, Ўзбекистонни хорижий инвестициялар учун очиш, халқаро савдони кенгайтириш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш жараёнларига раҳбарлик қилган. Унинг маъмурияти давлат бошқарувида ислоҳотларни жорий этиш билан бир қаторда, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматлари соҳаларини яхшилашга интилмоқда. Пахтачилик саноатида тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилгани энг муҳим ютуқлардан бири бўлган.
“У қўшни Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни қайта тиклаб, минтақавий савдо ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистоннинг минтақавий муносабатларини тубдан ўзгартирди. Унинг янада очиқ ташқи сиёсати Ўзбекистоннинг тобора муҳим дипломатик ва иқтисодий ҳамкор сифатида шаклланишига хизмат қилди”, дейди рейтинг муаллифлари.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг ислом мероси ва илм-фанга қўшган ҳиссаси эътироф этилган.
“Мирзиёев Ўзбекистоннинг тарихий ислом меросини қайта тиклаш ташаббускори ҳамдир. Унинг ҳукумати масжидларни қуриш ва таъмирлашни қўллаб-қувватлади, Ҳаж ва Умра зиёратлари учун имкониятларни кенгайтирди ҳамда муҳим муқаддас қадамжолар ва мақомларни тиклади. Имом ал-Бухорий ва Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуалари йирик лойиҳалар сирасига киради. У, шунингдек, тарихий мадрасалар ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига инвестиция киритиш билан бирга, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари орқали анъанавий ислом илмларини тарғиб қилишга ҳисса қўшди”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг тарихий обидалар, музейлар ва таълим муассасаларига сармоя киритиш орқали Ўзбекистоннинг миллий ўзлигини мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатнинг ислом илм-фани ва цивилизациясининг тарихий маркази сифатидаги халқаро нуфузини тиклашга интилаётгани урғуланган.
Шунингдек, рўйхатда Марказий Осиёдан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, таниқли қозоғистонлик хонанда Димаш Қудайберген ҳамда Тожикистон уламолар кенгаши раиси, муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода ҳам бор. Улар энг нуфузли 50 таликка эмас, балки турли соҳалар бўйича тузилган умумий рўйхатга киритилган.
2027 йилга мўлжалланган рейтингда биринчи ўрин илк бор беш нафар шахсга биргаликда берилган. Улар – Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва фельдмаршал Осим Мунир, шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған.
Бундан ташқари, рейтингда дунёга машҳур спортчилар ва санъаткорлар ҳам жой олган. Хусусан, мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ 39-ўринни эгаллаган. Ҳабиб Нурмагомедов, Ламин Ямал, Арда Гулер, Шоҳрух Хон ва машҳур блогер Хаби Лейм ҳам 500 нафарлик рўйхатда мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон жорий йилги дунёнинг энг қудратли ва таъсирли мамлакатлари рейтингига киргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All