Шавкат Мирзиёев Ли Чжэ Мён билан музокара ўтказди
Жамият
−
16:23 155 4 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Корея Республикаси Президенти давлат раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб келаётган муносабатлар тарихида муҳим воқеа эканини қайд этган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси Корея Республикаси ўтган йиллар давомида мамлакатнинг ишончли дўсти ва энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланганини таъкидлаган.
Бу борада товар айланмаси ва инвестициялар кўрсаткичлари ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Ўзбекистонда Корея сармояси иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Эксимбанки ва “EDCF” жамғармаси билан ҳамкорлик доирасида тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, саноат, АКТ, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, инфратузилма, таълим соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Музокаралар давомида парламентлар, вазирлик ва идоралар, ҳудуд раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Давлат раҳбари Корея Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг бешта устувор йўналишини айтиб ўтган.
Булар – савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш.
Жорий ташриф якунлари бўйича инвестиция портфели кўлами янада кенгаяди. Хусусан, умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрланган. Корея Эксимбанки билан Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинган.

Томонлар Кореянинг илғор технологиялари ҳамда Янги Ўзбекистоннинг ресурслар ва саноат борасидаги салоҳиятига асосланган мустаҳкам инновацион ва технологик альянсни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратган.
Альянс фаолиятини ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик соҳалари ҳамда тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноатида юқори технологияли ва рақамли ечимларни жорий этиш каби устувор йўналишларга қаратиш таклиф этилган.
Ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, идоралараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ва ҳарбий мутахассисларни ўқитишга тайёрлик билдирилган.
Ташриф арафасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихида илк бор ўтказилган Ҳудудлараро форум натижалари юқори баҳоланган. Кейинги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишиб олинган.
Президентлар музокаралар давомида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида урғу берган.
Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали фаолият юритиб, педагогика, АТ, муҳандислик, рақамли технологиялар ҳамда замонавий иқтисодиётнинг бошқа устувор йўналишларида юқори малакали кадрларни тайёрлаётгани мамнуният билан қайд этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда KOICA кўмагида ташкил этилган 5 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази самарали фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар ёшларимизга келгусида қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ўз билим ва кўникмаларини оширишига кенг имкониятлар тақдим этмоқда.
Кадрлар тайёрлаш бўйича амалий тажриба алмашишда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форуми муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланган.
Муносабатларни ривожлантиришда халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маданий алмашинув муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этган.
Давлат раҳбари кўп сонли корейс диаспораси Ўзбекистон кўп миллатли оиласининг ажралмас қисми ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги “маънавий кўприк” эканини таъкидлаган.
Ушбу ўзига хос гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида 2027 йилни “Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ҳамда қўшма маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича келишувга эришилган.
Якунда муҳокама қилинган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан томонларнинг позициялари яқинлиги ҳам тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига боргани ҳақида хабар берилган эди. Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасида меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар кутиб олди. Ўзбекистон етакчисининг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар юрт озодлиги ва мустақиллиги йўлида жон фидо қилган ватанпарварлар хотирасига эҳтиром кўрсатишдан бошланди.
Live
Барчаси