Жапаров мамлакатда рус тили ўқитувчилари етишмаётганидан ёзғирди
Олам
−
13 Апрель
2681Қирғизистон мактаблари, айниқса, қишлоқлардаги таълим муассасаларида рус тили ўқитувчилари етишмайди. Бу ҳақда республика Президенти Садир Жапаров Қирғизистоннинг “Кабар” давлат агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
“Бизга рус тили ўқитувчилари керак, айниқса, қишлоқларда. Фарзандларимиз болалигиданоқ рус тилида гаплашаётганини эшитмаганман. Аксинча, ўқувчилар рус тилини бир оғиз ҳам билмай мактабни ташлаб, Россияга кетиш ҳоллари бор”, дейди у.
Гап шундаки, 11 апрель куни Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламент) спикери Нурланбек Шакиев интернетда чет тилидаги барча контентни блоклаш зарурати ҳақида гапириб, қишлоқларда болалар рус тилида сўзлашишидан нолиганди. У қирғизча йўқолиб бораётганидан куюниб, рус ва хорижий тиллардаги барча дастурлар, мултфильмларни блоклаш кераклигини таклиф қилганди. Шунингдек, парламент раиси арабча исмлардан ҳам воз кечишга чақирганди.
Президентнинг сўзларига кўра, Қирғизистон фуқароларининг бир қисми Россия Федерациясига борганида тил билан боғлиқ муаммоларга дуч келади.
“Шунинг учун мен шахсан ташаббус кўрсатдим ва Владимир Владимировичдан (Путин, Россия Президенти) биз учун тўққизта рус тилидаги мактаб қуришни сўрадим. Тез орада қурилиш ишлари бошланади”, дейди у.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Шакиевнинг рус ва инглиз тиллари ҳақидаги сўзлари унинг шахсий фикри.
“Ҳукумат сиёсати бутунлай бошқача. Рус ва инглиз тиллари жаҳон тилларидир. БМТнинг расмий тиллари орасида рус ва инглиз тиллари ҳам бор. Рус тилисиз МДҲ давлатларида ишлаш мумкин эмас. Нафақат Ҳамдўстлик мамлакатларига, балки Европанинг айрим давлатлари, АҚШ ва бошқа қатор давлатларга расмий ташрифлар чоғида улар рус тилида сўзлашадилар ва шу тилда синхрон таржимани тинглашади. Мен буни сўнгги уч йил ичида кўп марта кўрганман”, дейди Жапаров.
У, шунингдек, агар кимдир Қирғизистонда инглиз тилида ўқитиладиган мактаб қурмоқчи бўлса, мамлакат расмийлари буни фақат олқишлашиа ишонтирган.
“Халқимиз қанча кўп тил билса, дунёқараши шунчалик кенг бўлади. Улар кўплаб халқларнинг урф-одатлари, менталитетини, билимини ўрганади. Дунёга кенгроқ қараш керак, қирғиз тилимиз эса ҳеч қачон ўлмайди. У ривожланади ва мангу яшайди”, дейди Президент.
Рус тили ва Ўзбекистон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева 17 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Парламентлараро Ассамблеянинг 56-йиғилишида сўзга чиқиб, Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар раҳбарларининг қарори билан октябрь ойида ташкил этилган халқаро рус тили ташкилоти лойиҳаларида фаол иштирок этиш ниятида эканини айтган эди.
Сенат Раисининг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда рус тили мажбурий ўқув дастурига киритилган 10 мингдан ортиқ умумий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, ушбу мактабларнинг 10 фоизида таълим рус тилида олиб борилади.
Мамлакатда Россиянинг етакчи университетларининг 14 та филиали очилди, улар мамлакат иқтисодиётида талаб қилинадиган мутахассисларни тайёрлайди. Бундан ташқари, Россиядаги олий ўқув юртларида ўзбекистонлик 50 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Нарбоеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россия Федерацияси билан мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. “Класс” ва “Малыш” лойиҳалари доирасида Ўзбекистонда рус тилини ўқитишни такомиллаштириш методикасини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатилмоқда. Сенат Раиси, шунингдек, Россия Федерацияси Ўзбекистонда рус тилида ўқитиладиган ва рус таълим дастурлари асосида бир нечта мактаблар қуришга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирган. Унинг фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Москвага бориб, Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўраганди. Шундан сўнг, Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб, Ўзбекистон Россиядан фуқароларини олиб кетиши кераклигини иддао қилганди. Бунга жавобан депутатнинг Ўзбекистондаги мавқедошлари, жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат “Делягинча” бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши кераклигини айтган, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўзбекистонликлар ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминлаётганини, Россия уларни текинга боқмаётганини эслатган эди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида рус тили Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида миллатлараро тил сифатида тан олинди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур саммитга келар экан, Россиянинг мақсадларидан бири айнан мана шу эканини яширмаган. У 12 октябрь куни, ҳали саммит бошланмасиданоқ МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақомини оширишни муҳокама қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь