Россия қўшни давлатларда рус тилини ёйишдан манфаатдор – Лавров

Олам

image

Москва, биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан чегарадош мамлакатларда рус тилининг мавқеини илгари суришдан манфаатдор. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Федерацияси субъектлари раҳбарлари кенгашининг 41-йиғилишида маълум қилди. 

“Биз биринчи навбатда Россия билан чегарадош мамлакатларда рус тилининг мавқеини илгари суришдан, шунингдек, рус тилидаги таълим дастурларини кенгайтиришдан, шу жумладан, меҳнат муҳожирларини тайёрлашдан манфаатдормиз”, дейди у. 

Вазир спорт соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш, ёшлар алмашинуви, кўнгиллилар ҳаракати ҳам алоҳида эътиборга лойиқ эканини айтган.  

“Россия Федерациясининг таъсис субъектларида хорижий давлатлар ёшларини жалб этган ҳолда тематик оромгоҳлар ташкил этиш амалиётида яхши истиқболларни кўрмоқдамиз”, дея хулоса қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева 17 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Парламентлараро ассамблеянинг 56-йиғилишида сўзга чиқиб, Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар раҳбарларининг қарори билан октябрь ойида ташкил этилган халқаро рус тили ташкилоти лойиҳаларида фаол иштирок этиш ниятида эканини айтган эди. 

Сенат Раисининг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда рус тили мажбурий ўқув дастурига киритилган 10 мингдан ортиқ умумий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, ушбу мактабларнинг 10 фоизида таълим рус тилида олиб борилади. 

Мамлакатда Россиянинг етакчи университетларининг 14 та филиали очилди, улар мамлакат иқтисодиётида талаб қилинадиган мутахассисларни тайёрлайди. Бундан ташқари, Россиядаги олий ўқув юртларида ўзбекистонлик 50 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. 

Нарбоеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россия Федерацияси билан мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. “Класс” ва “Малыш” лойиҳалари доирасида Ўзбекистонда рус тилини ўқитишни такомиллаштириш методикасини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатилмоқда. Сенат Раиси, шунингдек, Россия Федерацияси Ўзбекистонда рус тилида ўқитиладиган ва рус таълим дастурлари асосида бир нечта мактаблар қуришга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирган. Унинг фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Москвага бориб, Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўраганди. Шундан сўнг, Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб, Ўзбекистон Россиядан фуқароларини олиб кетиши кераклигини иддао қилганди. Бунга жавобан депутатнинг Ўзбекистондаги мавқедошлари, жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат “Делягинча” бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши кераклигини айтган,  “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўзбекистонликлар ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминлаётганини, Россия уларни текинга боқмаётганини эслатган эди

Маълумот учун, жорий йилнинг 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида рус тили Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида миллатлараро тил сифатида тан олинди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур саммитга келар экан, Россиянинг мақсадларидан бири айнан мана шу эканини яширмаган. У 12 октябрь куни, ҳали саммит бошланмасиданоқ МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақомини оширишни муҳокама қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Лавров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг