Россияда ўзбек тилини ўргатиш русларни камситиш бўлса, Ўзбекистонда рус тилини ўргатиш-чи? – Қодиров
Жамият
−
21 Октябрь 2023
41760“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Ўзбекистон фуқароларини олиб кетишга чақирган россиялик депутатнинг гапларига ўз муносабатини билдирди.
“Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланади-ю, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?” дейди Алишер Қодиров.
Унинг фикрича, Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат "Делягинча" бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши керак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда, Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўрагани ҳақида хабар берилган эди.
Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб чиқди.
“Бу Россияни ичидан емириб, кейин эса йўқ қилиш бўйича атайлаб олиб бориладиган сиёсат. Бунда аввалига бегона бўлган, кейин эса душман кайфиятидаги анклавларни яратишга ҳаракат қилинади”, деган у.
Аввалроқ, Россия Давлат Думасининг миллий масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Геннадий Семигин ҳам мамлакатга келиб ўрнашаётган мигрантлар ҳақида кескин фикрлар билдирган эди.
LiveБарчаси