Россиялик депутат полициянинг мигрантларга “юмшоққўл”лигини танқид қилди
Олам
−
20 Октябрь 2023
10204Россияга радикал исломийликни тарғиб қилувчи муҳожирлар анклавлари ва ноқонуний ибодатхоналар таҳдид солмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 октябрь куни Давлат думасининг миллий масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Геннадий Семигин маълум қилди. Депутат этник аҳоли пунктларига эътибор қаратмаётгани учун полицияни айблаган.
"Улар менга: "Бизда ҳеч қандай анклав йўқ", дейдилар. Журналистлар бор, деб ёзишади. Халқимиз бунга шубҳа қилмайди. Расмийлар эса йўқ, дейди. Анклавларнинг пайдо бўлиши энг оғир оқибатлардан биридир”, деган у.
Семигиннинг фикрича, ҳозирги вазиятда муҳожирларнинг ўзини айблаш нотўғри. Унинг фикрича, масъулиятнинг энг катта улуши ташриф буюрувчиларга нисбатан юмшоқ муносабатда бўлган Ички ишлар вазирлиги зиммасига тушади.
Бундан ташқари, парламент аъзоси мигрант оилалар ҳақидаги статистик маълумотларни келтирди. Турли маълумотларга кўра, Россияга кўчиб келган 250 дан 450 минггача чет элликнинг болалари мактабга бормайди.
“Бу болалар, мен сўрашга уяламан, улар қаерда? Нима қиляпти? Шунинг учун барча механизмларни қайта кўриб чиқиш керак”, дейди Семигин.
Семигин мигрантлар ҳақида янада кескин фикрларни ўртага ташлаган.
“Биринчидан, мигрантларни бу ерга ким таклиф қилди? Уларнинг иши учун ким жавобгар? Бу одамлар қаерда рўйхатдан ўтадилар? Нега бир квадрат метрда юзта одам тўғри келмоқда? Улар қаерда яшайдилар? Нега улар кўп йиллар давомида биринчи марта ўз иерархиясини шакллантиришига йўл беряпмиз?”, деган у.
Унга кўра, Россиядаги муҳожирлар моҳиятан давлат ичидаги давлатдир. Айниқса Семигин масжидлардаги ҳолатдан хавотирланишини айтган.
"Биз эътиқод тарафдоримиз, лекин умуман олганда, улар бизнинг ибодатхоналаримизга боришни хоҳламайди. Динимиз уларни бутунлай бошқача тарбиялайди. Радикализмга ўрин йўқ, радикал исломда мавжуд бўлган бир қатор мураккаб ҳаракатларга ўрин йўқ”, деб ўз ғазабини яширмаган қўмита раҳбари.
Депутат Россия фуқаролигини олиш қоидаларини кучайтириш кераклигини таклиф қилган. Охирги бир неча йил ичида Марказий Осиёдан 1 миллиондан ортиқ киши Россия фуқаролигини олган. Семигин буни бузилиш деб атаган.
“Буйруқни ким чиқарган? Нега бердингиз? Уларнинг ниятини яхши билмаймиз-ку”, дейди у.
Геннадий Семигиннинг фикрича, Россия миллий сиёсатининг янги концепцияси муҳожирлар билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал қилинишига боғлиқ. Унга кўра, у анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларга асосланиши ва таълим, тарбия, тил, дин ва маданият блокларини ўз ичига олиши керак.
LiveБарчаси