Ўзбекистон Россиядан фуқароларини олиб кетсин – Россиялик депутат
Жамият
−
20 Октябрь 2023
64254Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда, Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўрагани ҳақида хабар берилган эди.
Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб чиқди. Бу ҳақда у “Говорит Москва”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Россия конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлса керак. Бу қонунда одамларни миллатига кўра камситиш тақиқланган. Фақат мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш эканлиги аниқ.
Дарвоқе, тожик диаспораси жаноблари фақат тожикларга хизмат кўрсатадиган тиббиёт марказлари очилиши ҳақида гапирганда нимани назарда тутган бўлса, бу ҳам худди шундай маънода”, дейди Михаил Делягин.
Унга кўра, бу Россияга қарши атайлаб олиб бориладиган сиёсат ва душман кайфиятида бўлган анклавларни яратишга уринишдир.
“Бу Россияни ичидан емириб, кейин эса йўқ қилиш бўйича атайлаб олиб бориладиган сиёсат. Бунда аввалига бегона бўлган, кейин эса душман кайфиятидаги анклавларни яратишга ҳаракат қилинади.
Менимча, Ўзбекистон, албатта болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Улар Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини қайтариб ватанига олиб кетиши керак. Чунки, айтайлик, Тожикистон аҳолисининг учдан биридан кўпроғи Россияда яшайди. Бу ҳолат Тожикистон учун ҳам, Россия учун ҳам мутлақо нормал эмас”, деган депутат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думасининг миллий масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Геннадий Семигин мамлакатга радикал исломийликни тарғиб қилувчи муҳожирлар анклавлари ва ноқонуний ибодатхоналар таҳдид солаётганини айтиб, бунга полициянинг мигрантларга “юмшоққўл”лигини сабаб қилиб кўрсатган эди.
“Улар менга: "Бизда ҳеч қандай анклав йўқ", дейдилар. Журналистлар бор, деб ёзишади. Халқимиз бунга шубҳа қилмайди. Расмийлар эса йўқ, дейди. Анклавларнинг пайдо бўлиши энг оғир оқибатлардан биридир”, деган у.
LiveБарчаси