Путин Лавровни ёнига қайтарди, Зеленский Ермакнинг истеъфосини қабул қилди – Weekend

Таҳлил

Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича Трамп режаси қисқартирилди. Энди у Россияга ёқмаяпти.

Зеленскийнинг яқин ҳамкори Андрей Ермак коррупция можароси фонида ишдан бўшади, энди у фронтга кетмоқчи.

Оқ уй яқинида Миллий гвардия ходимлари отиб кетилди. Гумонланувчи афғонистонлик муҳожир ва у АҚШ ҳукуматидагилар, айниқса, Марказий разведкадагиларга бегона эмас.

Эрон ёғингарчилик камлигидан мактабларни ёпган бир пайтда, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари сув тошқинидан азият чекмоқда.

Жорий ҳафта давомида дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг. 

Қисқартирилган тинчлик режаси

Трамп Зеленскийга берган муддат ўтиб кетди. У ўзининг 28 бандли режасини қабул қилиш учун 27 ноябргача муддат берган эди. Бу орада АҚШ ва Украина делегацияси режани Женевадаги музокараларда қайта кўриб чиқди. Ҳужжат 28 банддан 19 бандга камайтирилди. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, Швейцариядаги музокаралардан сўнг янгиланган тинчлик режасидан АҚШ ва Россия ўртасидаги, Украина можаросига бевосита алоқаси бўлмаган муносабатларга оид бандлар чиқариб ташланган.

Киев НАТОга аъзо бўлиш масаласи альянснинг ўз процедуралари доирасида кўриб чиқилиши кераклигини талаб қилган, бунда аъзолик барча давлатларнинг консенсуси (бу барча томонларнинг умумий розилиги, яъни ҳамма келишиб, қарши бўлмаган ҳолат) билан ҳал қилинади. Бу аслида дастлабки лойиҳадаги НАТО кенгайишига вето ҳуқуқи бериш ғоясини бекор қилади.

Бироқ янги режа Россияга ёқмаяпти. Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Европанинг таклифлари самарасиз экани ва Кремль манфаатларига мос келмаслигини айтди. 

Трамп эса энди Украинага ҳам, Россияга ҳам муҳлат бермоқчи эмас. Балки бунга улар амал қилмаётгани сабаб бўлгандир. 

Бироқ Украинада ҳамон уруш давом этмоқда. Икки томон ҳам бир бирига зарба бермоқда.

Путиндан “яшириб қўйилган” Украина элчихонаси

Ўтаётган ҳафтада Путин Қирғизистонга давлат ташрифи билан келди. 25-27 ноябрь кунларига тўғри келган ушбу ташрифда қизиқ ҳолат рўй берди. Бишкекда Украина элчихонаси биноси ва унинг тўғрисидаги кўча орқасида жойлашган Қирғизистон Президенти резиденцияси ўртасига улкан LED-экран ўрнатилди. Бир неча қаватли бинога тенг баландликдаги иншоот шундай жойлаштирилганганки, Президент ва ҳукуматнинг янги резиденцияси томондан экранни тўлиқ кўришга девор тўсқинлик қилади. Бироқ экран Украина элчихонасидаги байроқни беркитиб қўяди.

Қирғизистон расмийларига кўра, улкан LED-экран “ҳукумат видеоматериалларини намойиш қилиш ва расмий тадбирларни визуал кузатиш учун” ўрнатилган. Украинанинг Қирғизистондаги элчихонасининг маслаҳатчиси Денис Автономов эса бу вазиятда: “Сабаб-оқибат боғлиқлиги аён”, дея изоҳ билан чекланди.

Сиёсий таҳлилчи Турат Акимовнинг маълум қилишича, бу ҳолат Путинни қўриқловчи махсус хизмат билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унинг айтишича, россиялик хавфсизлик ходимлари одатда тадбирдан ўн кун олдин келиб, бутун ҳудудни текшириб чиқади. Улар Украина элчихонасидан Путинга таҳдид бўлиши мумкин деб ҳисоблаган бўлиши мумкин ва Қирғизистон томони ушбу “хавф”ни бартараф этиши керак бўлган.

Бишкекда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммити ҳам бўлиб ўтди. Саммитда ташкилотга раислик Россияга ўтгани маълум қилинди. Шунингдек, КХШТнинг янги Бош котиби тасдиқланди. 

Путинга эса Қирғизистонда қобуз совға қилинди. У мусиқа асбобини чалишга ҳам уриниб кўрди.

Россия Президенти ташрифи сўнггида ўтказган матбуот анжуманида доимгидек Украинага “ультиматум” қўйишни ҳам унутгани йўқ. Нима эмиш, жанговар ҳаракатлар бутунлай тўхатилиши учун Украина қўшинлари эгаллаб турган ҳудудлардан чиқиб кетиши керак экан. 

“Украина қўшинлари эгаллаб турган ҳудудлардан чиққачгина жанговар ҳаракатлар тўхтайди. Бўлмаса, биз тўхтамаймиз ва буни қурол билан амалга оширамиз”, деган Путин матбуот анжуманида.

Журналистлар Путиндан узоқ вақтдан бери камнамо бўлиб қолган, айниқса, Россия Президентининг атрофида кўриниш бермаётган Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳақида ҳам сўради. Сўнгги пайтларда Лавров Путиннинг хорижий сафарларида кўринмай қолгани ортидан турли тахминлар илгари сурилгани, масалан, бу Путиннинг ундан жаҳли чиққани, чунки Лавров америкалик мавқедоши Марко Рубио билан телефон суҳбатида Путин ва Трампнинг Будапештда ўтиши керак бўлган саммитини барбор қилгани ҳақида хабарлар урчиганди.

Путин журналистнинг саволига жавоб берар экан, дастлаб: “Лавровни соғиниб қолдингларми”, дея ҳазил қилди, кейин эса у икки ҳафта сиёсий майдондан йўқолиб қолганини Рубио билан суҳбатга боғлаш чалғитувчи гап эканини таъкидлади.

“Унинг ўз иш жадвали бор. Менга ҳисобот берди, нима билан шуғулланаётганини, қайси вақтда шуғулланишини айтди. Америкалик ҳамкорлар билан учрашувга тайёргарлик кўрмоқда”, деган Путин. 

Эртаси куни эса Лавров яна Кремлда, Путиннинг ёнида кўриниш берди. 28 ноябрь куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан лавозимга келгандан бери 14-марта Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди. Россия делегацияси таркибида эса Лавров ҳам бор эди. У Путин ва Орбаннинг музокаралари бошлангунга қадар 45 дақиқа давомида венгриялик мавқедоши Петер Сийярто билан гаплашиб турди.

Ермак истеъфога чиқди

Украинада ҳам юқори лавозимли амалдорлар билан боғлиқ вазият яхши эмас. 28 ноябрь куни Украина Миллий антикоррупция бюроси мамлакат Президенти идораси раҳбари Андрей Ермакнинг уйида тинтув ўтказди. Ермакнинг ўзи ҳам тинтувни тасдиқлади.

“Бугун МАБ ва МАП ростдан ҳам менинг уйимда процессуал ҳаракатларни ўтказмоқда. Терговчиларга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Уларга квартирага тўлиқ кириш имконияти берилган, жойда менинг адвокатларим бор, улар ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Мен томондан тўлиқ ёрдам кўрсатилмоқда”, дейди Ермак.

Ўша куни тинтувдан сўнг Ермак Украина Президенти Владимир Зеленскийга истеъфо аризасини тақдим этди. 

“Президент аппарати фаолияти қайта шакллантирилади. Андрей Ермак, Президент аппарати раҳбари, истеъфо аризасини ёзган. У Украина манфаатларини музокараларда ҳар доим керакли даражада ҳимоя қилгани учун миннатдорлик билдираман”, деди Зеленский.

Ермакнинг истеъфоси Зеленский президентлиги давридаги энг йирик коррупция можароси авж олаётган бир пайтга тўғри келди. Бу можарода Президентнинг яқин атрофидаги шахслар иштирок этгани айтилмоқда. Ой бошида Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси давлатга қарашли “Энергоатом” компаниясидаги коррупция схемаси бўйича саккиз нафар гумонланувчига айб қўйди. Терговчилар бу схема раҳбари сифатида Зеленскийнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири – Тимур Миндични кўрсатди. Коррупция можаросида тилга олинган икки вазир – Адлия вазири Герман Галушенко ва Энергетика вазири Светлана Гринчук 19 ноябрь куни ишдан олинди. Уларга ҳали айб қўйилмади.

Миндичга айб қўйилишидан олдин у мамлакатдан қочиб кетган. Зеленский уни санкция рўйхатига киритган ва қидирувга берган.

“Украинская правда” нашри манбаларига таяниб хабар беришича, Ермак ҳам ушбу коррупция ишига алоқадор ва терговчилар уни “Али Баба” деб атамоқда. Терговчиларнинг фикрича, “Али Баба” ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириқ бериб, антикоррупция прокурорларига босим ўтказилишини таъминлаган.

Андрей Ермакнинг ўзи эса истеъфоси эълон қилингач, “New York Post” нашрига йўллаган мактубида фронтга кетмоқчи эканини маълум қилди. 

“Мен фронтга кетяпман ва ҳар қандай қийноқларга тайёрман. Мени ҳақорат қилишди ва менинг қадр-қимматим ҳимоя қилинмади. Мен Зеленскийга муаммо туғдирмоқчи эмасман, мен фронтга кетяпман”, дея ёзган Ермак. 

Ермак қачон ва қандай тарзда фронтга жўнаши ҳақида аниқ маълумот бермаган. Шунингдек, у ўзига нисбатан “тўқилаётган бўҳтон ва фитналардан” норозилигини, “ҳақиқатни биладиган” одамлардан етарли даражада қўллаб-қувватлаш бўлмаётганини билдирган.

Зеленский эса Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаровни урушни тугатишга қаратилган халқаро музокараларда мамлакат делегациясига раҳбар этиб тайинлади. Умаров бу лавозимда Ермакнинг ўрнини эгаллади.

Сувсизлик ва сув тошқини

Ҳаво ифлосланиши ва қўруқ ўтган куз фақат Тошкентга оид эмас. Эрон пойтахти Теҳрон ҳам худди шундай муаммога учради. Шаҳарда  ҳавонинг жуда ифлосланиши сабабли 25-26 ноябрь кунлари мактаб ва университетлар ёпилди ҳамда пойтахтда масофадан ишлаш режими жорий қилинди. 

Давлат ва хусусий муассасалар ходимларига уйдан ишлашга рухсат берилди, фавқулодда, тиббий, оператив, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан ташқари, албатта.  Банк филиаллари ҳам чекланган миқдорда ишлашни бошлаган. 

Теҳрон шаҳрида ҳавонинг сифати одатда совуқ ойлар давомида ёмонлашади, айниқса, шамол ёки ёмғир кам бўлган пайтларда. Ифлосланишнинг асосий сабаби – ҳарорат инверсияси бўлиб, эски автомобиллар ва баъзи заводлар чиқиндилари бу жараённи кучайтирадиган асосий омиллар ҳисобланади.

Қайд этиш жоиз, мамлакатда кузатилаётган ифлос ҳаво билан бир вақтда Теҳронни сувсизлик ҳам қийнамоқда. Эронда ёмғир сўраб, жамоат намозлари ҳам ўқилди. Ёмғир бир пайтнинг ўзида сувсизлик масаласига ҳам, ҳаво ифлосланиши муаммосига ҳам барҳам бериши мумкин. 

Жануби-шарқий Осиёда эса тинимсиз ёғган муссон ёмғиридан қолган вайроналарни тозалаш ишлари бошланди.  Таиланд, Малайзия ва Индонезияда тинимсиз ёмғир ёғиши ҳамда сув тошқинлари оқибатида қурбонлар сони кескин кўпайди. Мутахассислар вайронагарчилик ҳаво циклонлари таъсири оқибатида кучайганини айтмоқда. Таиландда ёғган кучли ёмғир туфайли юзага келган сув тошқинлари оқибатида 55 киши ҳалок бўлган.

Индонезиянинг 60 миллион аҳолига эга бўлган Суматра оролида ҳам вазият жиддийлигича қолмоқда. Тропик циклон кучли сув тошқинлари ва кўчкиларни келтириб чиқарди. Ушбу табиий офат туфайли камида 100 киши бедарак йўқолган.

Гонгконгдаги ёнғин

26 ноябрь куни Гонконгдаги Wang Fuk Court тураржой мажмуасида даҳшатли ёнғин юз берди. Мажмуада жами тўққизта бино бўлиб, уларда 1,9 мингта хонадон жойлашган. Умумий яшовчилар тахминан 4 минг нафарни ташкил этади.

Бу ёнғин шаҳар тарихидаги тураржой биносида содир бўлган энг ҳалокатлиси бўлди. Мажмуада кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилган. Кадрларда олов аввал бамбукдан қурилган қурилиш тўсинларини қамраб олгани кўринади. Ёнган қурилиш сеткаларининг бўлаклари ерга тушиб, ёнғиннинг тарқалишини тезлаштирган. Тўсинлар бўйлаб олов бинолар фасадларига тез кўтарилган. Аҳолининг бир қисми биноларнинг ичида қолиб кетган. Ўт ўчирувчилар борган пайтда олов бир неча бинони бирданига қамраб олиб улгурган.

Маҳаллий ҳокимиятнинг сўнгги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 130 нафaрга яқинлашган. 200 га яқин одам бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда, 80 га яқин вафот этганлар жасади эса ҳали аниқланмаган.

Ёнғинда вафот этган ҳар бир оилага 200 минг Гонконг доллари (25,7 минг АҚШ доллари) миқдорида товон пули ҳамда дафн маросимини ўтказиш учун давлат ёрдами берилади. Бундан ташқари, ҳар бир зарар кўрган оилага махсус ижтимоий ишчи бириктирилади, у оилага кундалик муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беради. Вақтинчалик яшаш жойи эса барча зарар кўрганларга бепул тақдим этилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Гонконгдаги тураржой мажмуасида содир бўлган ёнғин юзасидан ҳамдардлик билдирди, шунингдек, ҳодиса оқибатида ўзбекистонликлар жабрланмагани ҳақида хабар берди. 

Афв этилган курка ва отиб кетилган Миллий гвардиячи

АҚШда ҳар йили ноябрь ойининг тўртинчи пайшанбасида Шукроналик куни нишонланади. Ушбу байрам анъаналарига мувофиқ, Президент Трамп 25 ноябрда 2 куркани афв этиб, уларни байрам дастурхонида овқат бўлишдан сақлаб қолди. Шундан сўнг, у байрамни нишонлаш учун Флорида штатидаги Мар-а-Лаго резиденциясига жўнаб кетди. 

Эртаси куни Оқ уйдан унча узоқ бўлмаган ҳудудда икки нафар Миллий гвардия хизматчиси отиб кетилди. Отиишмадан сўнг Миллий гвардиянинг 20 ёшли ходимаси Сара Бекстром шифохонада вафот этди. Иккинчи Миллий гвардиячи, 24 ёшли Эндрю Вулф эса “жуда оғир аҳволда”.

Гумонланувчи 29 ёшли афғонистонлик Раҳмонуллоҳ Лаканвал бўлиб, у 2021 йилда АҚШга кирган. Лаканвал АҚШга Жо Байден маъмурияти даврида “Allies Welcome” дастури доирасида келган, бу дастур Афғонистондан америкалик қўшинлар чиқиб кетганидан сўнг ва “Толибон” ҳокимиятга қайтгандан кейин фуқароларга АҚШга кириш имконини берган.  29 ёшли Раҳмонуллоҳ ўз ватанида АҚШ ҳукумати, жумладан, Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорлик қилган. 

Лаканвал ўтган йили бошпана олиш бўйича мурожаат қилган ва 2025 йилда тасдиқланган, бу Трампнинг Оқ уйга қайтишидан кейин бўлган.

Трамп Вашингтондаги ҳужумни “террор ҳаракати” деб атаб, Байден даврида АҚШга келган барча афғонларни текшириш зарурлигини таъкидлади.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса АҚШ Афғонистон фуқароларига виза беришни тўхтатганини маълум қилди.

Шунингдек, ушба отишмадан сўнг АҚШ 19 та давлат, жумладан, Туркманистондан келган чет элликларнинг яшаш карталарини текширувдан ўтказа бошлади. Президент Дональд Трамп “ташвишга сабаб бўлувчи давлатдан келган ҳар бир чет элликнинг яшаш картасини тўлиқ ва пухта қайта текшириш” топшириғини берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ НАТО Россия Европа Эрон Дональд Трамп Қирғизистон Толибон Путин Украина Сергей Лавров Гонконг Зеленский Оқ уй Жо Байден Женева КХШТ Андрей Ермак Рустам Умаров Юрий Ушаков Марко Рубио Герман Галушенко Тимур Миндич Wang Fuk Court

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг