Ўзбекистон рус тилининг маънавий қадриятларини асрашга тайёр – Норбоева

Жамият

image

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар раҳбарларининг қарори билан октябрь ойида ташкил этилган халқаро рус тили ташкилоти лойиҳаларида фаол иштирок этиш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Парламентлараро ассамблеянинг 56-йиғилишида сўз очди, деб ёзмоқда ТАСС.

“Маълумки, жорий йилнинг 13 октябрь куни Бишкек шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши МДҲда рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш бўйича қатор ҳужжатларни қабул қилди. 2023 йилнинг миллатлараро мулоқот тили сифатида “рус тили йили” деб эълон қилиниши Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда МДҲга раислиги даврида қабул қилингани қувонарли. Давлат раҳбарлари рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Ўзбекистон ушбу ташкилот доирасидаги қўшма дастур ва тадбирларни амалга оширишда, рус тилининг маънавий қадриятларини асраб-авайлашда фаол иштирок этишга тайёр”, дейди Нарбоева. 

 У 1994 йилда ташкил этилган Ўзбекистон рус маданият маркази республикада рус маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлашда муҳим ва самарали ўрин тутишини билдирган.  

Сенат раисининг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда рус тили мажбурий ўқув дастурига киритилган 10 мингдан ортиқ умумий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, ушбу мактабларнинг 10 фоизида таълим рус тилида олиб борилади. 

Мамлакатда Россиянинг етакчи университетларининг 14 та филиали очилди, улар мамлакат иқтисодиётида талаб қилинадиган мутахассисларни тайёрлайди. Бундан ташқари, Россиядаги олий ўқув юртларида ўзбекистонлик 50 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. 

Нарбоеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россия Федерацияси билан мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. “Класс” ва “Малыш” лойиҳалари доирасида Ўзбекистонда рус тилини ўқитишни такомиллаштириш методикасини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатилмоқда. Сенат раиси, шунингдек, Россия Федерацияси Ўзбекистонда рус тилида ўқитиладиган ва рус таълим дастурлари асосида бир нечта мактаблар қуришга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирган. Унинг фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

“Мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев буюк рус маданияти азалдан ўзбек жамияти маънавий ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, биз билганимиздек, тил ҳар қандай маданиятнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади”, дея қўшимча қилган Нарбоева.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Москвага бориб, Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўраганди. Шундан сўнг, Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб, Ўзбекистон Россиядан фуқароларини олиб кетиши кераклигини иддао қилганди. Бунга жавобан депутатнинг Ўзбекистондаги мавқедошлари, жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат “Делягинча” бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши кераклигини айтган,  “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўзбекистонликлар ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминлаётганини, Россия уларни текинга боқмаётганини эслатган эди


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева рус тили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made