Жапаров ҳам Қорабоғга борди. Унга от совға қилишди
Олам
−
26 Апрель
5669Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 24-25 апрель кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташрифнинг биринчи куни Бакудаги Зугулба қароргоҳида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг расмий учрашуви бўлиб ўтди. Тор доирадаги музокараларда савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг икки давлат раҳбарлари Қирғизистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси Давлатлараро кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказди. Суҳбат чоғида икки давлат ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда ҳамкорликни ривожлантиришга ёндашувларининг тўлиқ ўхшашлиги кузатилгани қайд этилди. Президент Садир Жапаровнинг Озарбайжонга ташрифи доирасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Шу куни Садир Жапаров ва Илҳом Алиев Бакунинг марказий кўчаларидан бири – Азадлиқдаги истироҳат боғида атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳайкали очилиш маросимида иштирок этди. Қирғизистон Президенти икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар муҳимлигини, Қирғизистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда Чингиз Айтматовнинг ўрни катта эканини алоҳида таъкидлади.
Бундан ташқари, давлат ташрифи доирасида Садир Жапаров Фахрий хиёбондаги Озарбайжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва қабри пойига гул қўйди. Давлат раҳбари Ҳайдар Алиевнинг умр йўлдоши Зарифа Алиева қабрига ҳам гул қўйди. Атоқли давлат арбоби Азиз Алиев ва профессор Тамерлан Алиев хотирасига ҳам ҳурмат бажо келтирилиб, қабрлари пойига гуллар қўйилди.
Ташрифнинг иккинчи куни, 25 апрель куни Президент Садир Жапаров Қорабоғдаги Фузулий шаҳрига борди ва у ерда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан шахсан кутиб олинди. Бу ерда икки давлат раҳбарлари Хидирли туманидаги бўлажак умумтаълим мактаби пойдеворига вақт капсуласи қўйиш маросимида иштирок этди. Мактаб Озарбайжон халқига Қирғизистон халқининг туҳфаси сифатида қурилади.
Сўнгра Президентлар биргаликда Фузулий ва Агдам шаҳарларини ривожлантиришнинг бош режаси билан танишди. Президентлар Агдамга сафари доирасида Қорабоғ хонлиги асосчиси Панаҳали хоннинг саройи ва қабристони жойлашган XVIII асрга оид сарой мажмуасига ташриф буюрди. Бу ерда Садир Жапаров ва Илҳом Алиевга озарбайжон зотли отлари совға қилинди.
Сўнгра Президентлар “Жума” масжидига ташриф буюрди, шунингдек, қадимий Шоҳбулоғ қўрғонига бориб, уни таъмирлаш ишлари билан танишди.
Садир Жапаров Озарбайжон Республикасига давлат ташрифини якунлаб, 25 апрель куни Бишкек шаҳрига қайтиб келди.
Эслатиб ўтамиз, Фузулий халқаро аэропорти 2021 йил 26 октябрь куни ишга туширилганди. Ҳаво бандаргоҳини Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған очиб берганди. Ўшанда Эрдўғаннинг самолёти Бакуга эмас, тўғридан тўғри Қорабоғга қўнган. Шу тариқа Туркия етакчиси Фузулий аэропортига борган илк давлат раҳбари бўлган. Ўтган йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироатхон Мирзиёева билан бирга Фузулийга борганди. Уларни аэропортда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоними Меҳрибон Алиева кутиб олганди. Қорабоғга ташриф давомида Фузулий шаҳрида Мирзиёев ташаббуси билан қурилган 960 нафар ўқувчига мўлжалланган Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактаб очилганди. 12 март куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Озарбайжон Республикасига давлат ташрифи доирасида Фузулий шаҳрига борди. Президентлар қозоқ бастакори Курманқази номидаги Болалар ижодиёти марказининг очилиш маросимида иштирок этди. Таъкидланишича, замонавий инновацион марказ Қосим-Жомарт Тўқаев ташаббуси билан қисқа муддатда Озарбайжон халқига қозоқ халқининг инсонпарварлик туҳфаси сифатида қурилган.
LiveБарчаси