Мирзиёев ва Алиев Қорабоғдаги Мирзо Улуғбек мактабини очиб берди
Жамият
−
23 Август 2023
6015Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи иккинчи кунида икки давлат раҳбарлари рафиқалари билан бирга Фузулий ва Шуша шаҳарларига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўттган қарийб 30 йил давомида буткул вайрон бўлиб кетган Фузулий шаҳрини тиклаш жараёнларида Ўзбекистон Озарбайжон давлатига ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзмоқда. Хусусан, мустаҳкам дўстлик ва биродарлик ифодаси сифатида Ўзбекистон етакчиси 2021 йил 31 март куни ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.
Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Президент ташаббусининг амалий ифодаси бўлган.
Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та фунционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.
Маълум қилинишича, икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга байрамона тасмани кесиб, мактабни тантанали равишда очиб берган.
Президентлар ўқув бинолари ва мактаб ҳудуди билан танишиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашган, уларга ўқишда муваффақият тилаган.
Сўнг давлат раҳбарлари Фузулий шаҳрида барпо этилаётган уй-жой мажмуасига ташриф буюрган.
Президентлар мажмуадаги хонадон эгалари билан учрашган. Ўзбекистон раҳбари уларни янги уйли бўлгани билан табриклаган.
Самимий суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг мустаҳкам дўстлиги ва қардошлик алоқалари ҳақида сўз борган.
Шавкат Мирзиёев Фузулийда ҳаёт барқарор ҳолатга қайтаётганидан мамнунлигини билдирган, Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғни қайта тиклаш ва ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмуши учун қулай шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини юксак баҳолаган. Шунингдек, Озарбайжон халқига тинчлик, осойишталик ва равнақ тилаклари билдирилган.
Давлат раҳбарлари янги хонадонларни кириб кўришган. Сўнг етакчилар баландликдан туриб вайронагарчилик оқибатларини ва қурилиш ишларини боришини кузатган. Ўзбекистон Президентига Фузулийни қайта тиклаш режалари тўғрисида сўзлаб берилган.
LiveБарчаси