Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси олиб қўйилди
Маданият-санъат
−
14 Октябрь 2019
13209Аввалроқ, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини тугатиш билан боғлик масала кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эдик. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Жамоатчилик кенгаши ўтказилган йиғилиш бўйича узил-кесил қарор қабул қилди.
Хонандаларда хулқ одоби бирламчи бўлмас экан, ҳар қандай истеъдод ва маҳоратли ижро ҳам иккинчи даражали бўлиб қолаверади. Хонандалар халқ назаридаги инсон бўлганлиги боис уларга айниқса, ёшлар эргашади, андаза олади. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати эл назарида бўлади. Кейинги пайтларда Жаҳонгир Отажонов ана шундай масъулиятни бироз унутиб қўйди, десак хато бўлмайди.
Жорий йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда хонанда Жаҳонгир Отожонов томонидан санъаткор одобига, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар орқали кенг омманинг муборак Рамазон ойида ғашига тегиш ҳоллари кузатилганди. Бу шунчаки ўзини кўз-кўз қилиш мақсадидами ёки бошқа мақсаддами, барибир ижтимоий тармоқлардаги бундай кўриниш ёшлар орасида, жамоатчилик ўртасида санъат аҳли тўғрисида салбий фикр уйғотмасдан қолмаган эди, , дейилди жамоатчилик кенгаши йиғилишида.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бугун, 14 октярь куни ўтказилган йиғилиш бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
“Жорий йилнинг 9 октябрь куни “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрь куни “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ижроси муҳокамаси давомида студия мониторида тўйлардан олинган айрим лавҳалар муҳокама қилинди. Бу лавҳада хонанда Жаҳонгир Отажонов билан боғлиқ тасвирлар ҳам акс этиб, иштирокчилар бунга салбий муносабатларини билдиришди.
Ушбу кўрсатувдан сўнг жорий йилнинг 11 октябрь куни “Qalampir.uz” сайтида “Жамоатчилик хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини олиб қўйишни талаб қиляпти” мавзусида мақола эълон қилинди. Мазкур мақола ижтимоий тармоқларда жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шунга қарамасдан, хонанда Жаҳонгир Отажонов жамоатчилик эътирозидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб, “Олларинг мани лицензиямни, маза қилларинг, агар шу билан маданиятли бўлсаларинг. Ман хурсанд бўламан... халқ маданиятли бўлиб кетиб қолса шу билан...” қабилида турли фикрлар билдирди. Хонанданинг ушбу чиқиши ижтимоий тармоқ орқали ёшлар орасида ва жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотмасдан қолмади.
Хонанда ўзининг маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган бу каби номуносиб ҳаракатлари орқали Муассаса билан тузилган лицензия битими талаб-шартларини мунтазам равишда бузиб келмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лицензиат Жаҳонгир Отажонов билан тузилган лицензия битимида мавжуд талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузилганлигини инобатга олиб, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосланиб, Жаҳонгир Сапарбаевич Отажонов номига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган АА-серияли, 7422-сон лицензиянинг амал қилиши 2019 йил 14 октябрь кунидан тугатилади.
Шу билан бир қаторда, барча санъат аҳлини ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига зид турли хил бемаъни сўзларни тарқатмаслик, жамоатчилик ўртасида санъаткорларга нисбатан ноўрин муносабат шакллантирилишига йўл қўймасликлари борасида огоҳлантирамиз”.