“Ўзбекконцерт”да навбатдан ташқари йиғилиш: Отажоновнинг лицензиясини тугатиш масаласи кўриляпти
Маданият-санъат
−
14 Октябрь 2019
13303Аввалроқ, жамоатчилик хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини олиб қўйишни талаб қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Яшин тезлигида тарқалган ушбу хабар Отажоновгача етиб борди ва у ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиб "Агар мени лицензиямни олиш билан бутун халқ маънавиятли бўлиб қолса, ол лицензиямни", деди. У ўз сўзида ўзини отарчи эканини айтади ва миллат маърифатпарварлари Алишер Навоийдан тортиб Абдулла Қаҳҳоргача ўз даврида тақиқларга учраганини қўшимча қилади.
QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, бугун, 14 октябрь куни эрта тонгдан "Ўзбекконцерт" давлат муассасасида Жамоатчилик кенгашининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда хонанда Жаҳонгир Отажонов масаласи кўрилмоқда.
Таҳририятга маълум бўлишича, Отажоновнинг жамоатчилик ва лицензия берувчи органга беписандлиги, тартиб-қоидаларни бузиши лицензиядан маҳрум этишга сабаб бўлиши мумкин. Жамоатчилик кенгаши унга яна бир имкон берадими ё масалани узил-кесил ҳал этадими, ҳозирча номаълум. Куннинг биринчи ярмига қадар кенгаш қарори эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни "Ўзбекистон" телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусида студия мониторида хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг ерга ётганча қўшиқ куйлаётгани, устидан эса пул сочилаётгани тасвирланган видео намойиш этилди. Ушбу видео Самарқанд вилояти Ургут туманида бўлиб ўтган тўйда суратга олинган.
Кўрсатувда қайд этилишича, миллий қадриятларимизни топташ, давлат рамзлари туширилган пулларни сочиш қонун бузлишидан бошқа нарса эмас. Агар шундай ҳодиса чет элда рўй берса, чора кўрилади.
“Мана, санъаткорнинг аҳволи, мана, маънавият даражамиз”, дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова.
Видеодаги ҳолат бўйича кўрсатувда жамоатчилик ўз фикрини билдирди. “Биз қашшоқ ва бой мамлакатлар рўйхатида 127-ўринда турибмиз. Мен ўқиб ҳайрон қолдим. Биз пул сочадиган даражада эмасмиз”, дейди журналист Қуддас Аъзам.
Маълумот ўрнида, Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси тузилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров мазкур комиссия аъзолари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 октябрь куни 10 йилдан ортиқ вақт давомида тақиқдан бўлган хонанда Озода Нурсаидовага эркин ижод қилиш ва қўшиқларини тарғиб қилиш имкони берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь