“Ўзбекконцерт”ни хабардор қилмасдан хорижда концерт берган санъаткорлар жазоланади
Олам
−
29 Октябрь
14604“Ўзбекконцерт” давлат муассасасини хабардор қилмасдан хорижда концерт берган санъаткорларнинг лиценцияси бекор қилинади. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини ёзма равишда хабардор қилиш шартлиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2022-йил 22-февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш паспорти” талабларига кўра, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини ёзма хабардор қилмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.
“Шу ўринда, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бундай фаолият ноқонуний эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси ташқарисида концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва режалаштиришда “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини хабардор қилган ҳолда фаолият юритишлари лозимлиги тўғрисида огоҳлантиради”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас.
“Лицензия талаб ва шартларига риоя қилмаган санъаткорларнинг лицензияси “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан муддатидан олдин тўхтатилиши маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистонда ўтказиладиган концертлар репертуарининг миллий анъаналар ва умумбашарий қадриятларга мос келиши текширилишини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.
LiveБарчаси