Navai Қозоғистондан ҳайдалди: у 5 йил концерт бера олмайди
Маданият-санъат
−
13:23 699 3 дақиқа
Россиялик рэпер, Navai тахаллуси билан ижод қилувчи Наваи Бакиров яқин беш йил ичида Қозоғистонга кириши ва мамлакатда концерт бериши эҳтимолдан йироқ. Бунга унинг мамлакатдан чиқариб юборилгани сабаб бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон қонунчилигини ўрганиб, ТАСС хабар берди.
Агентлик суҳбатлашган юристларнинг айтишича, санъаткор мамлакатга кириш учун рухсат сўраши мумкин. Бироқ унга нисбатан жавобгарлик чораси қўллангани ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолади.
Хусусан, Қозоғистоннинг “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонуни 48-моддасига кўра, мамлакатдан чиқариб юборилган чет эл фуқароларига суд қарори ижро этилган кундан бошлаб беш йил давомида Қозоғистонга кириш тақиқланади.
Шунингдек, Қозоғистон Жиноят кодексининг 51-моддасида ҳам чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакат ҳудудидан мажбурий чиқариб юборилганда, унинг Қозоғистонга киришига беш йил муддатга тақиқ қўйилиши белгиланган. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексда ҳам шунга ўхшаш нормалар мавжуд.
Қозоғистон миграция қонунчилиги бўйича ихтисослашган юрист Айгерим Хандуллаеванинг ТАСС агентлигига маълум қилишича, мамлакатдан чиқариб юборилган чет эл фуқароси ушбу қарор устидан шикоят қилиши ёки мамлакатга кириш учун рухсат сўраб мурожаат қилиши мумкин.
“Суд қарорига кўра, беш йил муддатга чиқариб юбориш чораси қўлланади. Агар суд қарори чиқарилган бўлса, уни шикоят қилиш учун 10 кун вақт берилади. Апелляция суди қарорни ўзгаришсиз қолдирса, у беш йил давомида Қозоғистонга кира олмайди. Албатта, агар унинг Қозоғистонда яқин қариндошлари бўлса, кейинчалик рухсат сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ якуний қарорни ваколатли орган чиқаради”, деган юрист.
Унинг айтишича, Қозоғистондан чиқариб юбориш суд қарори асосида амалга оширилади. Шу билан бирга, миллий хавфсизлик органлари ҳам айрим ҳолларда чет эл фуқаросининг мамлакатга киришига рухсат бермаслиги мумкин. Киришни рад этиш асослари “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонуннинг 48-моддасида келтирилган.
Қозоғистонлик жиноят ишлари бўйича адвокат Айдар Советбеков ҳам ишга оид очиқ маълумотлардан келиб чиқиб, Navai’га нисбатан беш йиллик тақиқ амал қилиши мумкинлигини айтган.
“Менимча, бу тақиқ унга нисбатан қўлланади. Чунки унга амалда контрабанда ва гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш айбловлари қўйилган. Жиноий иш тугатилган бўлса-да, бу ҳолатлар мавжуд бўлган”, деган адвокат.
Унинг сўзларига кўра, иш тугатилгани сабабли рэпер судланган ҳисобланмайди. Бироқ унга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш жараёни Қозоғистонда қайд этилган бўлиб қолади. Адвокатнинг фикрича, бу маълумотлар Россияда ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 октябрь куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти полиция департаменти Navai Қирғизистондан Қозоғистонга кираётганида “Кордай” чегара назорат пунктида қўлга олинганини маълум қилганди. Полиция рэперга нисбатан гиёҳванд моддалар контрабандасига уриниш ва уларни ноқонуний сақлаш бўйича жиноий иш очилганини билдирган. Идора маълумотига кўра, россиялик санъаткор ҳаракатланган автомобильда тақиқланган моддалар топилган. Кейинчалик суд қарори билан у тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Қирғизистон чегара хизмати эса рэпернинг чегарани кесиб ўтиши билан боғлиқ ҳолатлар текширилаётганини маълум қилган.
Россиянинг Олмаотадаги бош консуллиги TАСС агентлигига Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, рэпердан 2,53 грамм марихуана топилганини билдирган.
Шунингдек, Navai’га нисбатан жиноят иши тугатилгани ҳақида хабар берилган эди. Navai’га нисбатан очилган иш реабилитация қилинмайдиган асосларга кўра тугатилган. Шунингдек, рэпер Қозоғистондан депортация қилинган.
Live
Барчаси20 Октябрь