Яширин тайинловлар силсиласи. Одилжон Абдуқаҳҳоров яна “Ўзбекконцерт”га директор бўлди
Маданият-санъат
−
12 Март
11783Одилжон Абдуқаҳҳоров яна “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори лавозимига тайинланган. Бу ҳақда муассаса матбуот хизмати томонидан ҳам ва Маданият вазирлиги расмийлари томонидан ҳам ахборот берилгани йўқ.
Абдуқаҳҳоровнинг “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига директор бўлгани кеча, 11 март куни Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида вазирлик тизимидаги ташкилотларда ижро интизомининг бажарилиш ҳолати юзасидан ўтказилган йиғилишдан маълум бўлмоқда.
Йиғилиш ҳақидаги матбуот хабарномасида айтилишича, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров, Ўзбекистон давлат филармонияси раҳбари Анвар Тожибоев, Республика бахшичилик санъати маркази раҳбари Умиджон Норбоев, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси директори Фотиҳ Жалоловларга ижро интизоми ҳолати юзасидан ташкилотда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича вазифалар берилган.
Одилжон Абдуқаҳҳоров 2020 йилдан буён Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси директори лавозимида ишлаб келаётган эди. Маданият вазирлиги томонидан берилган ахборотдан кўринадики, Абдуқаҳҳоров “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директорлигига тайинланиши ортидан унинг ўрни – Халқаро фестиваллар дирекцияси директори лавозимини Фотиҳ Жалолов эгаллаган.
Бироқ “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси сайтининг раҳбарият бўлимида муассаса директори ўлароқ ҳамон Санжар Эрданов номи келтирилган. Абдуқаҳҳоров эса қачон бу лавозимга тайинлангани, аввалги директор нима сабабдан ва қачон лавозимидан озод этилгани маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ички ишлар ва Адлия вазирлиги тизимларида ҳам худди шундай яширин тайинловлар амалга оширилган эди. Аввалига Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг лавозимидан озод этилгани хабар қилинмай, сабаблари айтилмай туриб, унинг ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Азиз Тошпўлатов тайинланди. Кейинроқ вазирнинг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи полковник Шавкат Раҳмонов ими-жимида ғойиб бўлди. Унинг ўрнини кеча, 11 март куни Андижон вилояти ИИБни бошқарган полковник Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев эгаллади.
Ўтган ҳафтада эса 2019 йилдан буён Адлия вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Худоёр Мелиевнинг ишдан кетгани маълум бўлди. Бу ҳақда расмий маълумот берилгани йўқ, Адлия вазирлиги ҳамон Мелиевнинг истеъфоси ҳақида миқ этмай келмоқда.
Маълумот учун, 41 яшар Одилжон Абдуғаниевич Абдуқаҳҳоров Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. “Камолот” ЁИҲ Наманган вилоят бўлими Кенгаши, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида ишлаган.
2017-2020 йилларда “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига раҳбарлик қилган. 2020 йилда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси директори ўринбосари лавозимига тайинланган. 2020-2023 йилларда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси директори вазифасини вақтинча бажарувчи, 2023 йилда ҳозиргача ушбу дирекция директори лавозимида ишлаган.
LiveБарчаси