Зеленский Ғарбдан Россиянинг оддий фуқароларига ҳам санкция қўллашни сўради
Олам
−
09 Август 2022
5963Ғарб давлатлари барча русларнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлаши керак. Бу ҳақда Россия босқини остида қолаётган Украина Президенти Владимир Зеленский “The Washington Post” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, “энг муҳим санкциялар чегараларни ёпишдир, чунки руслар бошқа бировга тегишли ерларни тортиб олмоқда”.
“Шунинг учун улар ўз фалсафасини ўзгартирмагунча ўз дунёсида яшашлари керак”, деб таъкидлайди у.
Зеленский нуқтаи назаридан, бу чора ҳатто расмийларнинг ҳаракатларига норозилик сифатида мамлакатни тарк этган Россия Федерацияси фуқароларига ҳам тегишли бўлиши керак.
“Руслар қандай бўлишидан қатъи назар, уларни Россияга юборинглар”, дейди у.
Унга кўра, Россиянинг бутун аҳолисини жавобгарликка тортиш мумкин.
“Бу аҳоли мана шу ҳукуматни танлади ва улар унга қарши курашмайди, у билан баҳслашмайди, бақиришмайди”, дейди Президент.
У сўзида давом этаркан, шунингдек Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни россияликлар учун чегараларнинг бир йилга ёпилиши ва Россия энергия ресурсларини сотиб олишга тўлиқ эмбарго жорий этилиши билан солиштирганда “заиф” деб атади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси