“Юҳ сизларга“ – Маданият вазирлиги Юлдуз Усмонованинг ”запрет"ини хаспўшлашга уриняпти

Маданият-санъат

image

Бундан бир неча кун аввал, QALAMPIR.UZ ишончли манбаларига асосланган ҳолда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари ва клипларига мамлакатдаги барча нодавлат телеканалларда тақиқ ўрнатилгани ҳақида хабар берган эди. Бу вақт оралиғида хонанданинг қўшиқлари ва клиплари эфир юзини кўргани йўқ. 

Бугун, 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Юлдуз Усмонованинг лицензияси олинмаганини айтиб, унинг навбатдаги “запрет”ини хаспўлашга уринди. Вазирлик Матбуот хизматининг Telegram’даги саҳифасида тарқатган хабарида шундай дейилади: 

“Интернет ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг лицензияси бекор қилинганлиги ҳамда хонанда ижросидаги қўшиқлар телеканалар эфирларидан олиб ташланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ахборот хизмати  ушбу хабарлар асоссиз эканлигини таъкидлайди. Юлдуз Усмонова ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва унинг ижодий фаолиятида ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган”.

QALAMPIR.UZ томонидан тарқатилган хабарда Усмонованинг қўшиқлари ва клипларига ўрнатилган навбатдаги тақиқ норасмий экани айтилган эди. Унда таҳририят “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси собиқ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров билан мулоқот қилгани, масъул Усмонованинг лицензияси олинмаганини айтгани баён қилинганди. Орадан 17 кун ўтиб, Маданият вазирлигининг бу масалага эътибор қаратиши бироз ғалати эмасми? Ё вазирлик мавжуд тақиқнинг олиб ташланишига нисбатан шу йўл билан курашмоқчими? Ва бунда хонанданинг лицензияси рўкач қилиниши эса саводсизликнинг ўзгинаси. Чунки, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан хонандаларга тақдим этилувчи лицензия қонунан хонанданинг концерт-томоша фаолиятини ташкил этиши учун берилади. Ташкилот мамлакатда хонандалар устидан “запрет” ўрнатиш борасида ваколатли орган эмас. Лицензия эса санъаткорларнинг даромад олиши, солиқ тўлашини белгиловчи ҳужжат. У на телеканалга чиқиш ҳуқуқини беради, на ундан мосуво қилади. Буни эса биринчи навбатда Юлдуз Усмонова ҳимоясига отланган навкарлар – Маданият вазирлигидагилар билиши керак эмасми?

Гап келганда шуни ҳам эслатиб ўтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида 11 йил “запрет”да бўлган Юлдуз Усмонованинг ўша вақтларда ҳам лицензияси бўлган. У вақтларда ҳам ўша бир парча қоғоз унга концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ваколатини берган. Аммо “запрет” нарасмий равишда ўрнатилган. Шунинг ортидан хонанда 11 йил ўзбек медиасидан узоқда бўлди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Юлдуз Усмонова Ички ишлар органлари ходимларига йўллаган ҳақоратли видеомурожаатидан кейин иккинчи узирини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг хонасида сўраган эди. Балки, бўлиб ўтган воқеаларни унутиш ва унуттиришда барча масъулиятни Маданият вазирлиги гарданига олгандир...

Юлдуз Усмонова можароси қандай бошланиб, қандай якун топди? 

4 май тонгида интернетнинг ўзбек сегменти Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ғазаб ва нафрат тўла мурожаатидан карахт бўлиб қолди. Хонанданинг бу ғазаби бир ё икки шахсга эмас бутун бошли мамлакат Ички ишлар тизими ходимларига қаратилганди.

“Асло рози эмасман. Халқ эшитсин. Юрт-олам эшитсин. Милиция абсолютно не работает. Ҳозир Каримов даврида яшамаяпсизлар клизма олгани, шунчалик ҳам клизмага ўрганиб қоласизларми?”, деган Усмонова ҳиссиётга берилиб.

У сўзида давом этаркан, қўл соатига ишора қилиб ходимлар ухлаб ётганини айтади. 

“Уят борми, виждон борми? Халқни “налог”идан ойлик оляпсанлар, нима қиляпсанлар? Биттангни топиб бўлмаяпти, ҳамманг ухлаб ётибсан”, дейди Юлдуз Усмонова.

Видео сўнгида Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимлари халқ меҳрини меҳнат билан қозониши кераклигини айтиб, журналистлардан ушбу воқеаларни нашрларда эълон қилишни сўраган.

Маданият ходимининг ижтимоий тармоқдаги жонли эфирда Ички ишлар ходимларига қарата “Падарлаъанати бўлдиларинг бугун”, каби сўзларни айтиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.

Усмонованинг “қайноқ” чиқишига дастлаб Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Кўп ўтмай, Усмонова Ички ишлар ходимларидан кечирим сўради.

Ўз ходимларига ножўя гап айтган ёки уларга нисбатан ортиқча ҳаракат қилганларга тезда чора кўриб, “кавушини тўғрилаб қўядиган” Ички ишлар вазирлиги кескин баёнот билан чиқди. Усмонованинг ҳаракатлари устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинди. ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигини шубҳа остига олди.

Бундай кескин муносабатдан кейин барча “энди Юлдуз Усмонова ҳам жазосини оларкан-да” деб адолат қарор топишини кута бошлади.

Сўнг “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонанданинг хатти-ҳаракатлари Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиниши айтиб чиқди. Аммо, бу масалага қайтилмади. Бошқаларнинг лицензиясини олиб қўйишга уста бўлган “Ўзбекконцерт”нинг Юлдузга "тиши" ўтмади. Мана, сизга ижтимоий тенглик.

ИИВ 5 май куни Юлдуз Усмонова иши бўйича суд бўлиб ўтишини маълум қилиб, ОАВни Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судига таклиф қилди. Аммо суд бўлмади.

Мамлакатда бўлиб ўтган воқеалар эса Туркия матбуотигача етиб борди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса Усмонованинг ҳужжатлари судга етиб келмагани сабабли маҳкама мажлиси ўтказилмаганини маълум қилди.

Усмонова 7 май куни Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг кабинетидан туриб яна бир бор Ички ишлар ходимлари ва уларнинг ота-оналаридан узр сўраб чиқди.

Май ойи охирида эса Ўзбекистондаги барча телеканалларда Юлдуз Усмонованинг қўшиқларига ва клипларига тақиқ ўрнатилди.

Ораданг бир ойдан ортиқ вақт ўтиб, ИИВ расмийси Юлдуз Усмонова масаласи ёпилганини айтиб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Юлдуз Усмонова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг