Олий суд Юлдуз Усмонова иши бўйича баёнот берди
Маданият-санъат
−
06 Май 2020
176114Кеча, 5 май куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани бўйича очилган маъмурий иш кўриб чиқилиши айтилган суд мажлиси ўтказилмай қолгани ҳақида хабар берган эдик.
Ички ишлар вазирлиги суд мажлиси 5 май куни Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судида соат 14:00 да бошланишини маълум қилиб, журналистларни тўплади. Аммо суд бўлмади. Журналистлар соат 18:00 гача суд биноси олдида кутиб, ортга қайтишига тўғри келди.
Шундан сўнг, QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Олий суд ва ИИВга суд мажлиси нега ўтказилмагани, Юлдуз Усмонова нега келмагани бўйича саволлар билан видеомурожаат йўллади. Ушбу мурожаатга Олий суд қуйидагича изоҳ берди:
"Ҳурматли ОАВ вакиллари! Ҳозирги пайтга қадар фуқаро Юлдуз Усмоновага оид иш материаллари судга келиб тушмаган.
Ушбу иш суриштирув органи томонидан судга тақдим этилиши билан суд мажлиси ўтказилади ва қонун доирасида кўриб чиқилади”, дейилади изоҳда.
Айбланувчи Усмонованинг ўзи эса бу вақтда Instagram`даги саҳифасида жонли мулоқот уюштириб, Сирдарёга боролмаганини, хайрияни администраторлари орқали жўнатганини ва ўзи ҳамон уйида эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 май куни ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти хонанда Юлдуз Усмонованинг ички ишлар ходимларига қарата айтган ҳақоратлари билан тўлган видеомурожаатдан “портлади”. Усмонова Сирдарёликлар учун йиғилган хайрияни манзилига етказиш учун ёрдам беришга келишган ЙПХ ходимлари келмаганидан аччиқланган эди. Хонанда бироздан кейин узр сўраб чиққан бўлса-да, Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича суриштирув бошлаганини билдирди.
Маданият вазирлиги видеога муносабат билдириб, Юлдуз Усмоновани койиган бўлди. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси эса хонанданинг одоб-аҳлоқи Маданият вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашида кўриб чиқилишини маълум қилди.
LiveБарчаси