Хатомни бўйнимга оламан – Юлдуз Усмонова Озодбек Назарбековнинг идорасидан туриб узр сўради

Маданият-санъат

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бўлиб ўтган воқеалар учун такроран узр сўради. Унинг навбатдаги “узр маросими” акс этган видеоси аввалгидек хонадонида эмас, балки давлат идорасида тасвирга туширилган.  QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, бу Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг вазирликдаги хонаси. Кеча, 7 май куни Озодбек Назарбеков таваллуд топган кун эди. Усмонова эса уни табриклаб идорасига борган ва масала шу ерда узил-кесил ҳал этилган кўринади. 

Галдаги видеода Юлдуз Усмонова ўзининг ҳам хатоси борлигини тан олади, у бу сафар қўлини кўксига қўйиб узр сўрайди ва ҳаммаси унут бўлишига умид билдиради. Жумладан у шундай дейди: 

“Рамазон кунларида тутаётган рўзаларингиз қабул бўлсин дейман. Мана, кўряпсизлар бутун дунёга пандемия келди. Пандемиядан “зона”ларга бўлиниб аста-секин чиқиб кетяпмиз. Бу балони ҳам ортда қолдиряпмиз. Лекин бало бир келса, қўша-қўша келаркан. Сардобада бўлган воқеаларни кўрдингиз. Ҳаммамиз бирлашдик, халқ бирлаша олди. Ва шу кунларда бир нохуш воқеа бўлиб қолди, мени аччиғим келган жойи бўлди. Аччиқ устида ўйламай гапирган гапларим бўлди. Улуғ кунларда ҳаммадан узр сўрамоқчиман. Ҳақиқатда улуғ аём кунида мендан дилингиз оғримасин. 

Ўзининг жонини жабборга бериб ишлаётган одамлар ҳам бор. Каратинда одамлар билан биргаликда, ҳам одамларни кутиб олиб, ҳам ичкарига кириб кетиб, каратинда ўтириб чиққан “милиция”ларимиз ҳам бўлди. Агар шуларнинг дилини оғритган бўлса... Мана ўша ерда ҳозир ҳарбийлар ҳаммаси ишлаяпти-да, ҳамма ҳозир бирлашди яна.  Ҳамма жонини жабборга бериб ишлаётганлардан узр сўрайман. Ҳеч қайси давлатда халқ билан давлат бунақа бирлашмаган. Сизлар ўзларинг юкланманглар. 

Хавотирли, халқнинг мулки омонат, жавобгарлик, ҳаммаси битта бўлиб портлади. Яна бир бор айтаман, меҳнат қилаётганлардан мен узримни сўрайман. Сизларга теккан бўлса, сизлардан, ота-оналарингдан узр сўрайман. Чунки жонини жабборга берган одамлар жуда кўп. Ҳозир Ватанга келган, халққа келган оғир кунда халқимиз билан елкама-елка хизмат қилайлик. Шу балолардан чиқиб олайлик, вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяди. Эртага яна бир бор “алло” десаларинг, мен яна хизматимга тайёр эканимни айтмоқчиман. Хатоимни бўйнимга оламан. Хафа бўлманглар улуғ айём кунида. Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарамиз, хафагарчиликни унутамиз, деган умиддаман”. 

Воқеалар хронологияси

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 3 май куни Instagram'даги саҳифасидаги жонли эфирда Ички ишлар ходимларини ишламаётганга чиқариб, улар бугун марҳум Биринчи Президент Ислом Каримов даврида яшамаётгани, ҳар куни клизма олишга ўрганиб қолганини айтганди. Хонанда эфирда "Падарлаъанати бўлдиларинг бугун" деган сўзларни қўллаган эди. Ушбу видео жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.

Аввалига Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Бу орада Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларидан узр сўради

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги эса кескин баёнот билан чиқди. Усмонованинг ҳаракатлари устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинди. ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билан қараётганини айтди.

Сўнг "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонанданинг хатти-ҳаракатлари Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиниши айтиб чиқди. Аммо, бу масалага қайтилмади.

ИИВ 5 май куни Юлдуз Усмонова иши бўйича суд бўлиб ўтишини маълум қилиб, ОАВни Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судига таклиф қилди. Аммо суд бўлмади.

Мамлакатда бўлиб ўтган воқеалар эса Туркия матбуотигача етиб борди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса Усмонованинг суди нега ўтмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Юлдуз Усмонова

Баҳолаганлар

1385

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг