Тезкор: Юлдуз Усмонова устидан суд бошланиш арафасида
Маданият-санъат
−
05 Май 2020
54008Бугун, 5 май куни Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракатлари ва Ички ишлар ходимларини ҳақоратлагани бўйича суд бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, суд соат 14:00 да бошланиши керак эди.
Усмоновага нисбатан очилган маъмурий иш Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилиши белгиланган. Аммо Олий суднинг таҳририятимизга маълум қилишича, иш материаллари ҳали келиб тушмаган, ўз навбатида Юлдуз Усмонова ҳам судга етиб келганича йўқ, деб хабар бермоқда Феруза Нажмиддинова.
QALAMPIR.UZ`га етиб келган маълумотларга кўра, Юлдуз Усмоновага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ёки 183-модда (майда безорилик) билан иш очилган. Ушбу маълумотни тасдиқлаш учун ИИВ расмийси билан боғланганимизда, у аниқ маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 май куни хонанда Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларини кескин танқид қилиб, ҳақоратлаган видео тарқалганди. Унинг ортидан ИИВ суриштирув бошланганини маълум қилганди.
Ҳозиргача Маданият вазирлиги ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳам муносабат билдирди. Улардан бири хонандага танбеҳ бериб чекланган бўлса, иккинчиси Усмонованинг аҳлоқи масаласи жамоатчилик кенгашида кўриб чиқилишини таъкидлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан қуйидаги жазо тайинланиши мумкин:
Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
183-модда билан қуйидагича жазо тайинланади:
Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
LiveБарчаси