Телеканалларда Юлдуз Усмонованинг клипларига “ЗАПРЕТ” қўйилган – Манба
Маданият-санъат
−
29 Май 2020
95886Ўзбекистондаги телеканалларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари ва клипларига норасмий тақиқ ўрнатилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Юлдуз Усмонованинг клипларига тақиқ ўрнатилишига хонанданинг мамлакат ички ишлар органлари ходимларига қаратилган ҳақоратомуз чиқиши сабаб бўлган.
Айни вақтда Усмоновага нисбатан навбатдаги тақиқ ҳақидаги маълумотлар расмий кучга эмас. QALAMPIR.UZ бир неча хусусий телеканаллар ходимлари билан мулоқот қилди. Унда маълум бўлишича, тақиқ норасмий равишда ўрнатилган.
Мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров билан боғландик. У Усмонованинг қўшиқлари ва клипларига нисбатан “Ўзбекконцерт” томонидан ҳеч қандай тақиқ ўрнатилмаганини маълум қилди.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бундан аввал ҳам бир неча бор тақиққа тушган эди. Буларнинг энг сўнггиси 11 йил давом этган. 2006 йилда Усмонованинг йирик давлат тадбирларида иштирок этишига нуқта қўйилди. 2007 йилдаги концерт дастуридан кейин “Халқлар дўстлиги” санъат саройининг эшиклари Усмонова учун ёпилди. Шундан сўнг, у фаолиятини Туркияда давом эттирди. 2016 йил 5 декабрь куни Юлдуз Усмоновага қўйилган тақиқлар олиб ташланди.
Навбатдаги "ЗАПРЕТ"га сабаб бўлувчи хронология
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 3 май куни Instagram'даги саҳифасидаги жонли эфирда Ички ишлар ходимларини ишламаётганга чиқариб, улар бугун марҳум Биринчи Президент Ислом Каримов даврида яшамаётгани, ҳар куни клизма олишга ўрганиб қолганини айтганди. Хонанда эфирда "Падарлаъанати бўлдиларинг бугун" деган сўзларни қўллаган эди. Ушбу видео жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.
Аввалига Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Бу орада Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларидан узр сўради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги эса кескин баёнот билан чиқди. Усмонованинг ҳаракатлари устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинди. ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билан қараётганини айтди.
Сўнг "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонанданинг хатти-ҳаракатлари Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиниши айтиб чиқди. Аммо, бу масалага қайтилмади.
ИИВ 5 май куни Юлдуз Усмонова иши бўйича суд бўлиб ўтишини маълум қилиб, ОАВни Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судига таклиф қилди. Аммо суд бўлмади.
Мамлакатда бўлиб ўтган воқеалар эса Туркия матбуотигача етиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса Усмонованинг суди нега ўтмаганини очиқлади.
Усмонова 7 май оқшомида яна бир бор Ички ишлар ходимлари ва уларнинг ота-оналаридан узр сўраб чиқди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь