Европада яна Қуръонни ёқиб юборишди

Олам

image

Жорий йилнинг 2 июнь куни Франциянинг Вийёрбан шаҳрида номаълум шахс масжиддан Қуръони Каримни ўғирлаб, уни ёқиб юборди. Бу ҳақда Рона департаментининг масжидлар кенгаши сайтида хабар берилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса шаҳарда жойлашган “Эррама” масжидида содир бўлган. Маҳаллий вақт билан тахминан тонгги соат 3:45 атрофида бомдод намозидан олдин номаълум бир киши юзини яширган ҳолда масжид ичкарисига кириб, Қуръон нусхасини олиб, уни ёқиб юборган ва кейин уни масжид ташқарисига қўйиб, воқеа жойидан қочиб кетган.

“Бу ҳаракат Франциядаги мусулмонларга нисбатан тобора кучайиб бораётган нафрат ва таҳдид муҳитининг яна бир далилидир”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 май куни мамлакатнинг Ла-Гран-Комб шаҳрида жойлашган масжидда ибодат қилаётган одамлар пичоқ билан ваҳшийларча ўлдирилган. 2 июнь куни эса Вар департаментида ҳам яна бир ёш тунислик йигит ўлдирилган.

“Рона вилояти масжидлар кенгаши ушбу муқаддас жойга қилинган тажовузни кескин қоралаб, бу ҳодисани мусулмонлар шаънига ва диний эркинлик тамойилига оғир зарба деб баҳолади”, дейилади хабарда.

Кенгаш ҳуқуқ-тартибот органларини ушбу жиноятни содир этган шахсни аниқлаб, унга нисбатан қатъий чоралар кўришга чақирган.

Қўшимча қилинишича, масжид жамоаси ва барча мусулмонларга чуқур ҳамдардлик билдирилган. Шу билан бирга, жамиятдаги барча институтлар, сиёсатчилар ва фуқароларни нафрат, камситиш ва зўравонликка қарши биргаликда курашишга даъват этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швецияда пул ишлаш учун Қуръони Каримга қилган ҳужумлари билан танилган ироқлик Сальван Момика Стокгольм шаҳри чеккасида жойлашган Сёдертельедаги уйида отиб ўлдирилганди. Момика 2023 йилда Ислом динига қарши норозилик сифатида мусулмонларнинг муқаддас китобини бир неча бор оммавий равишда ёқиб юборгани билан Швециядан ташқарида ҳам оммага танилган эди. Унинг мамлакат расмийлари ҳомийлигида амалга оширилган ҳаракатлари бутун дунёда акс-садо берган ва баъзи мамлакатларда норозилик намойишлари айниқса шиддатли тус олган ҳамда ғазабланган одамлар Швеция элчихоналарига бостириб кирган. Ўша пайтлар муқаддас Қуръони Каримнинг Сальван Момика томонидан ёқиб юборилишини АҚШ, Европа Иттифоқи, Рим папаси, Шавкат Мирзиёев ва яна қатор расмийлар кескин қоралаб чиққан эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция масжид Қуръони Карим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг