Швецияда бир неча марта Қуръонни ёқиб юборган шахс отиб ўлдирилди
Олам
−
30 Январь
18231Швецияда пул ишлаш учун Қуръони Каримга қилган ҳужумлари билан танилган ироқлик Сальван Момика кеча, 29 январь куни Стокгольм шаҳри чеккасида жойлашган Сёдертельедаги уйида отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, соат 23:00 дан кейин отишма ҳақидаги хабарлардан сўнг Ховшё тумани ҳудудига полиция ва тез ёрдам чақирилган. Швеция матбуотига кўра, ҳалок бўлган шахс Қуръон китобини ёқиб юборган Сальван Момика бўлган. Қотиллик содир бўлган вақтда у TikTok орқали жонли эфирда бўлган.
Полиция ҳали қурбоннинг шахсини тасдиқламади. Ишда Швеция Хавфсизлик полицияси иштирок этмоқда. 38 ёшли Момика 2023 йилда Ислом динига қарши норозилик сифатида мусулмонларнинг муқаддас китобини бир неча бор оммавий равишда ёқиб юборгани билан Швециядан ташқарида ҳам оммага танилган эди. Унинг мамлакат расмийлари ҳомийлигида амалга оширилган ҳаракатлари бутун дунёда акс-садо берди ва баъзи мамлакатларда норозилик намойишлари айниқса шиддатли тус олди ва ғазабланган одамлар Швеция элчихоналарига бостириб кирди.
Кейин Швеция элчисидан Ироқни тарк этиш сўралган. Ироқда Сальван Момиканинг она шаҳри Аль-Куфа маъмурияти уни ўлдирган ҳар бир кишига икки миллион доллар мукофот ва икки килограмм олтиндан ясалган Қуръон китобини таклиф қилган. Бағдод ҳукумати уни экстрадиция қилишни талаб қилган. Муқаддас Қуръони Каримнинг Сальван Момика томонидан ёқиб юборилиши ортидан АҚШ, Европа Иттифоқи, Рим папаси, Шавкат Мирзиёев ва яна қатор расмийлар бу ҳолатни кескин қоралаб чиққан эди.
Буларнинг барчаси Швецияда дипломатик инқирозга олиб келди ва ўша йилнинг август ойида Хавфсизлик полицияси террорчилик таҳдиди даражасини беш балли шкала бўйича учдан тўртга кўтарди.
Сальван Момика Швецияга 2018 йилнинг баҳорида борган эди. 2023 йилнинг кузида унинг вақтинчалик яшаш учун рухсатномаси бекор қилинди ва у Норвегиядан бошпана сўради, бироқ Швецияга қайтарилди ва у ерда 2024 йилда бир йиллик яшаш учун рухсатнома олди. Швециянинг Миграция агентлиги, агар у ватани Ироққа қайтса, унга қилинадиган қийноқлар жуда хавфли эканини маълум қилди.
2024 йилнинг августида у Швецияда этник гуруҳга қарши гижгижлашда айбланган. Иш бўйича қарор бугун, 30 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да эълон қилиниши керак эди, бироқ энди суд келаси ҳафтага, 3 февралга қолдирилди.
Стокгольм туман судининг ҳужжатларида Сальван Момиканинг вафот этгани тасдиқланганидан сўнг, янги ҳукм чиқариш учун кўпроқ вақт талаб этилиши қайд этилган.
Айбловларга жавобан ўлимидан олдин Момика айбловлардан ҳайратда қолгани, лекин қўрқмаганини айтган эди.
“Мен Швецияни танладим, чунки у қонун ва тартиб ҳамма учун бирдек амал қиладиган мамлакат эканини билардим”, деган марҳум ўлимидан бироз аввал.
Мамлакат радиосига кўра, Момиканинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган беш киши ҳибсга олинган.
Маълумот учун, Момика 2021 йилда бошпана изловчилар уйида эритреялик одамни пичоқ билан қўрқитгани учун судланган ва жамоат жойида 80 соат бепул ишлашга маҳкум қилинган. Шунингдек, жабрланувчига минг доллар товон пули тўланиши белгиланган. 2020 йилнинг сентябрь ойида судланувчи Линкопинг собори ташқарисида Қуръонни ёқиб юбораётгани акс этган видео олган. Шундан сўнг, эркак ушбу видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
Швецияда Қуръонни ёқиб юбориш бўйича биринчи марта суд ҳукм қилганди. Илгари Швеция прокуратураси бундай норозиликларга қарши айбловлар қўймаган ва бу ҳаракат сўз эркинлиги қонунчилигига тўғри келишини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қуръони Каримни бир неча бор ёқиб юборган ироқлик қочқин, ўтган йилнинг апрель ойида, Сальван Момика Норвегияда ўлик ҳолда топилгани хабар қилинганди. Бироқ, бу апрель ҳазили бўлиши мумкинлиги ёзилганди. Чунки Момиканинг ўлими бўйича расмий манбаларда хабар эълон қилинмади. Шунга қарамай, унинг ўлими тўғрисидаги тасдиқланмаган хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалишда давом этди. Википедия эса Момикани “кўмиб”, бир зумда “қайта тирилтиришга” ҳам улгурганди. Бу сафар ҳам унинг “янги ўлим санаси” Википедияда 2025 йил 29 январь куни, дея ёзиб қўйилган.
LiveБарчаси
16:31
19 Февраль