ЕИ Швецияда Қуръоннинг ёқиб юборилишини қоралади
Олам
−
01 Июль 2023
9462Стокгольмдаги Қуръонни ёқиш бўйича акция ҳеч қандай тарзда Европа Иттифоқи фикрини акс эттирмайди. Бу ҳақда бугун, 1 июль куни Брюсселда эълон қилинган Европа ташқи сиёсат хизмати томонидан эълон қилинган коммюникеда айтилди.
“Қуръон ёки бошқа муқаддас китобларни ёқиш ҳақоратли, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокациядир. Ирқчилик, ксенофобия ва шунга ўхшаш муросасизликнинг намоён бўлишига Европада ўрин йўқ. Мусулмонларнинг муҳим байрами – Қурбон ҳайитида шундай қилмиш содир этилгани янада ачинарли”, дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, ҳужжатда Европа Иттифоқи дин ва эътиқод эркинлиги ҳамда сўз эркинлигини ҳимоя қилишда давом этиши таъкидланган.
“Ўзаро тушуниш ва ҳурмат учун бирга туриш ҳамда кескинлашувнинг олдини олиш вақти келди”, деган Европа ташқи сиёсат хизмати вакили.
Брюсселнинг қайд этишича, ЕИ Бағдоддаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб, тинчлик ва вазминликка чақиради ҳамда дипломатик биноларга ҳужумларни қоралайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция полициясининг рухсати билан Стокгольм марказидаги Медборъярплатсен майдонида акция ўтказилганди. Ироқдан келган 37 ёшли муҳожир Салван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлади ва уни ёқиб юборди. Шу куни бутун дунё мусулмонлари асосий диний байрамлардан бири – Қурбон ҳайитини нишонладилар. 29 июнь куни бир гуруҳ ироқликлар мусулмонлар учун муқаддас китоб – Қуръоннинг ёқиб юборилишига қарши норозилик билдириб, Бағдоддаги Швеция элчихонасига бостириб кирди. Ироқ ҳукумати Швеция ҳукуматидан Қуръонни оммавий равишда ёқиб юборган ироқлик муҳожирни экстрадиция қилишни талаб қилди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь