ЕИ референдумлар учун зудлик билан Россияга санкция киритади – Боррель
Олам
−
22 Сентябрь 2022
5523Украинанинг Донбасс минтақаси, Запорожье ва Херсон вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган референдум туфайли Европа Иттифоқи давлатлари имкон қадар тезроқ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилади. Шунингдек, Брюссель Киевга ҳарбий ёрдам беришда давом этади. Бу ҳақда кеча, 21 сентябрь куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррель ҳамжамият ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг норасмий учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
“Россияга қарши қўшимча чеклов чоралари ҳамкорларимиз билан келишилган ҳолда зудлик билан, имкон қадар тезроқ киритилади. Биз Украина саъй-ҳаракатларини зарур бўлганда ҳарбий техника етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, дейди Боррель.
Европа Иттифоқининг Россияга қарши янги санкциялари ҳам шахсий, ҳам секторал бўлади, дейди Боррель.
“Бугун биз Украинага қурол етказиб бериш ва ривожлантириш орқали ҳарбий ёрдам беришда этамиз. Шунингдек, биз шахсий ва секторларга оид янги чекловларни ўрганамиз ва қабул қиламиз”, дейди Боррель.
У қандай санкциялар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади ва бугун фақат сиёсий қарор қабул қилинганини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23-27 сентябрь кунлари Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларида ушбу ҳудудларнинг Россияга қўшилиши бўйича референдумлар ўтказилиши кутилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси