Wildberries нишонда: Украина яна компания омборини бомбалади

Олам

image

Украина дронлари Россиянинг Пермь, Рязань ва Таганрог шаҳарлари, шунингдек, Қрим яриморолидаги нефтни қайта ишлаш заводлари ва Wildberries логистика объектларига зарба берди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ҳамда Россия маҳаллий расмийлари маълум қилди.

Зеленский ўз баёнотида мамлакат кучлари Пермь ва Рязань шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводлари, Рязандаги логистика маркази, Ростов вилоятидаги экспорт терминали ва ҳарбий корхона, шунингдек, Қримдаги денгиз базасига зарба берганини маълум қилган.

Россиянинг маҳаллий расмийлари ҳам ҳужумлар содир бўлганини тасдиқлаган. Хусусан, Рязань вилояти губернатори Павел Малковнинг билдиришича, саноат объектларида ёнғинлар юз берган, 6 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Wildberries эса Рязандаги омбори эвакуация қилинганини ва у ерга товар қабул қилиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.

Шунингдек, Пермь вилояти губернатори Дмитрий Махонин Украина дронлари саноат объектига зарба берганини, аммо қурбонлар йўқлигини айтган. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар эса Таганрогда ракета парчалари кўп қаватли уйга тушиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлгани, бир эркак жароҳатланганини маълум қилган.

Россиянинг 2014 йилда Украинадан аннексия қилган Қрим вилоятида Москва тайинлаган раҳбар Сергей Аксёновнинг айтишича, тунги дрон ҳужумлари оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 5 киши жароҳат олган.

Маълумотларга кўра, Украина ҳаво мудофаа тизимидаги “Patriot” каби тутиб қолувчи ракеталар захираси қисқарган бўлса-да, мамлакатнинг узоқ масофага зарба берувчи дронлар ишлаб чиқариши Россияникидан юқори суръатларда ривожланмоқда. Бу эса Россиянинг нефть инфратузилмасига ҳужумлар уюштириш ва ёнилғи таъминотига таъсир кўрсатиш имконини бермоқда.

Сўнгги кунлардаги ҳужумлар оқибатида Россиянинг энг йирик онлайн савдо платформаси Wildberries’нинг камида 7 та омборига зарар етган. Компания маълумотига кўра, бу унинг омбор қувватининг тахминан 10 фоизини ишдан чиқарган ҳамда платформадан фойдаланувчи ўн минглаб кичик тадбиркорларга зарар етказган.

“Kommersant” нашрининг ёзишича, Wildberries Украина дронлари ҳужумларидан товарларини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистондан 100 минг квадрат метр омбор майдони изламоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июль куни Украина дронлари Wildberries’нинг Москва вилоятидаги Электросталь ва Тамбов вилоятидаги Котовск логистика марказларига, 22 июль куни Краснодар ва Невинномисскдаги омборларига, 23 июль куни Воронеж вилоятидаги, 24 июль куни Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Симферополдаги, 29 июль куни эса Рязань вилоятидаги логистика марказига ҳужум уюштирган эди.

Украина Қуролли кучларининг Россиядаги Wildberries омборларига уюштирган ҳужумлари оқибатида Қирғизистоннинг икки фуқароси жароҳат олганди.

Шунингдек, Wildberries компанияси Украина дронлари ҳужуми оқибатида йўқотилган товарлар учун сотувчиларга компенсация тўланишини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг