Венгрия Швециянинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлади

Олам

image

Венгрия Швециянинг НАТО ҳарбий блокига қўшилишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Виктор Орбан бугун, 7 июль куни Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Қайд этилишича, Орбан Венгрия Швеция бўйича аллақачон қарор қабул қилганини ва ушбу масала юзасидан Туркия билан маслаҳатлашувлар давом этишини айтган.

“Венгрия ҳукумати аллақачон НАТОда Швеция бўйича қарор қабул қилган, бу ижобий бўлди. Биз Швециянинг киришини қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ Венгрия парламенти ҳали буни ратификация қилмаган... Биз керак бўлганида ҳаракат қиламиз. Венгрия қарор қабул қилишдан тортинмайди”, дейди Орбан.

Маълумот учун, Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ариза берган, бироқ Туркия Швеция ва Финляндияга PKK ва PYD террорчи деб эълон қилишни ҳамда 2016 йилда террорчилик ёки давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнини блоклаган. 2022 йилги НАТО саммити олдидан ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасида икки шимолий давлат қилиши керак бўлган аниқ қадамлар рўйхатини ўз ичига олган меморандум имзоланган. 

Бу орада Финляндия жорий йилнинг 4 апрель куниёқ НАТО сафига расман қабул қилинди. Швеция эса мамлакатда Қуръон ва Туркия байроғининг ёқилиши билан боғлиқ акциялар ҳамда Туркия талабларининг бажарилмаслиги важидан ташкилотга қўшила олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ альянс раҳбари Швеция НАТОга Вильнюс саммитида қўшилолмаслигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Швеция Венгрия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг