Ўзбекистоннинг Беларусдаги янги элчиси иш бошлади
Жамият
−
05 Февраль
3301Ўзбекистон Беларусга янги элчи тайинлади. Минскда 2021 йилдан буён элчихона маслаҳатчиси, Муваққат ишлар вакили вазифасини бажараётган Раҳматулла Назаров Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси ўлароқ ўз вазифасини бажаришга киришди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Раҳматулла Назаров 2018-2021 йилларда элчихонани бошқарган Носиржон Юсупов ўрнига тайинланган.
У 53 ёшда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Тошкент шаҳридаги тижорат тузилмаларида бошлаган. 1997 йилда Ташқи ишлар вазирлигига Шартнома бошқармасининг атташеси лавозимига ишга қабул қилинган, кейинроқ бошқа бир қатор бошқармаларда турли лавозимларда, жумладан, Ташқи ишлар вазирлигининг бошқарма бошлиғи, шунингдек, Бельгия ва Қирғизистондаги элчихоналарда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ишлари бўйича миллий координатор сифатида ишлаган. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида, Тошкентдаги ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг биринчи директори бўлган ҳамда Сенат аъзоси этиб сайланган.
Беларусга тайинланишидан олдин у ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
Рус, инглиз ва француз тилларини билади.
Маълумот учун, Минск шаҳридаги элчихона 2018 йилда очилган.
Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов Уммон пойтахтига етиб борган эди.
LiveБарчаси