Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг яна 10 дан зиёди соғайиш арафасида (видео)
Жамият
−
01 Апрель 2020
7875Ўзбекистонда коронавирус билан оғриган беморларнинг бир қисми Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-тешириш институти клиникасида жойлаштирилган. Табиийки, шифохонадаги беморларнинг ҳолати, уларга кўрсатилаётган муолажалар ва шифокорларнинг иш фаолияти каби масалалар кўпчиликни қизиқтиради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан Вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова билан уюштирилган видоемулоқотда юқоридаги саволларга жавоб олинди.
“Биз ҳозир яшил ҳудудга кирдик. Беморларни эрталаб ҳаммамиз биргаликда кўриб чиқамиз. Бутун диққат эътиборимизни уларга қаратганмиз. Худога шукур, ижобий натижа оляпмиз. Эртаю кеч ишлашга тўғри келяпти. Уларнинг тузалганини кўриб, биз жуда ҳам хурсанд бўламиз. Ўтган кун саккиз нафар беморга жавоб берилган бўлса, бугун тўрт нафарига рухсат берилди. Бир-икки кундан кейин яна 10-11 нафар беморни кузатишни режалаштиряпмиз. Чунки уларда клиник белгилар йўқ деса ҳам бўлади.
Улар уч маротаба вирусологик текширувдан ўтади. Агар натижалар яхши бўлса, уйларига жавоб берилади. 33 йил давомида шифокор бўлиб ишлаётган бўлсам, биринчи марта мана шундай пандимеяга дуч келдим. Айтишим мумкинки, бутун бир жамоа ўз касбига астойдил, виждонан, меҳр билан ёндашиб курашяпти.
“Бизга эътибор бериб, ходимларни рағбатлантириб, бутун дори-дармонларни, кийим-кечакларни етказиб беришгани учун Президентимизга ва ҳукуматимизга раҳмат айтиб қоламиз”, деди Муҳайё Асилова.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар сони 173 нафарга етди. Уларнинг 12 нафари касалликдан фориғ бўлди, 2 киши вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси