Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо кескин кучайтирилади

Жамият

−

image

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтириш масаласи кўпдан буён депутатлар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Кеча, 27 сентябрь куни “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг йиғилишида қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинган ҳамда палатанинг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси ушбу қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланган.

“Адолат” СДП фракцияси ташаббуси асосида киритилган мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кескин кучайтиришга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси эртага, 29 сентябрь куни ўтказиладиган қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Намангандаги боғчада фожиа

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди.  Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг