Ўзбекистон ва Покистон Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
24 Январь 2023
5364Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Покистон ташқи ишлар вазири Билавал Бҳутто Зардорий билан учрашди. У Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
ТИВ маълумотига кўра, олий даражада эришилган келишувларни самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилган.
Шунингдек, минтақавий сиёсат масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 январь куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди раислигида онлайн шаклда ўтказилган “Глобал Жануб овози” саммити ялпи мажлисида қатнашиб, давлатларни Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро мулоқот гуруҳини шакллантириш таклифини қўллаб-қувватлашга чорлаган эди.
Шунингдек, ушбу йиғилишда Ўзбекистонда Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўл қуриш лойиҳаси ҳам илгари сурилганди. Ушбу лойиҳа 2021 йил бошида имзоланган Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон янги транспорт йўлаги: Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар бўйича “йўл харитаси”ни назарда тутади. У Европа Иттифоқи ва Россияни Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан боғлаши керак.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг июнь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида Ўзбекистонни денгизга олиб чиқиши мумкин бўлган “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишини юқори баҳолаб, уни “аср лойиҳаси”, деб атаган эди. Ушбу темир йўл линияси айнан Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиздан бошланади.
LiveБарчаси