Ўзбекистон Киевдаги элчихонасини кўчирадими?
Олам
−
02 Март 2022
6484Ўзбекистон Киевдаги элчихонасини кўчириш масаласини кўриб чиқмаяпти. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов маълум қилди.
“Айни пайтда бизнинг асосий устувор вазифамиз Украинадаги мавжуд оғир вазиятни инобатга олган ҳолда барча Ўзбекистон фуқароларини хавфсиз эвакуация қилишни таъминлашдир. Элчихонанинг бошқа ҳудудга кўчирилиши бу жараёнлар самарадорлигини сезиларли даражада пасайтиради. Шу нуқтайи назардан ҳозирда элчихонамизни Киевдан кўчириш масаласи кўриб чиқилмаяпти”, дейди расмий вакил.
Юсуф Қобулжоновга кўра, фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган Украинанинг айрим аҳоли пунктларидан, хусусан, Харьков, Суми ва Херсон шаҳарларидан фуқароларни эвакуация қилишда қийинчиликлар юзага келган. Ушбу шаҳарлардан фуқароларни олиб чиқиш ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тугаганидан кейин ташкил этилади, унгача ҳимояланган бункерларда қолиш тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойи ўрталарида АҚШ Украинадаги элчихонасини вақтинча Киевдан Львовга кўчирганди. АҚШ ортидан Буюк Британия Украинадаги элчихонасини Львовга кўчиришга қарор қилган. Австралия ва Канада ҳам худди шундай чоралар кўрган. Жанубий Корея ҳам Киевдаги элчихонасини ёпди. НАТО Киевдаги офисини ёпди.
Маълумот учун, бугун, 2 март ҳолатига кўра, умумий ҳисобда Украинадан Польша ҳудуди орқали бешта авиарейслар билан 1 186 нафар ўзбекистонлик олиб келинган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси