Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга тушади

Жамият

image

Бугун, 2 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мирзиёев учрашувни очар экан, Франция Президентига расмий шахслар, етакчи компаниялар раҳбарлари, таниқли маданият ва фан арбобларидан иборат нуфузли делегация бошчилигида Ўзбекистонга келгани учун миннатдорлик билдирган.

“Бу сизнинг Ўзбекистон-Франция дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга шахсий эътиборингиз ва алоҳида ёндашувингизнинг ёрқин тасдиғидир”, деган Президент Мирзиёев.

Билдирилишича, томонлар фаол сиёсий алоқаларни, парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий ва иқтисодий идораларнинг мунтазам мулоқотини давом эттиришга келишиб олган.

Ҳисоб-китобларга кўра, икки мамлакат орасидаги товар айирбошлаш яқин орада 1 миллиард еврога етиши кутилмоқда. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели эса 10 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Франциянинг Orano, EDF, Total, SUEZ, Eiffage, Voltalia, Lactalis, Veolia ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон Президенти Франция билан ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида қазиб олиш тармоғи, стратегик хомашё ресурсларини қайта ишлаш, гибрид, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини жорий этиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни қайд этган.

Музокаралар давомида ишбилармонлар ўртасидаги шерикликни илгари суриш учун Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга тушиши ҳамда Тошкентда “Business France” агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани эълон қилинган.

Шунингдек, гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида уч йиллик дастур қабул қилиш ва унинг доирасида ўзаро Маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинган.

Томонлар Самарқанд шаҳрида Франция альянси филиали очилишини олқишлаган ҳамда қўшма олий таълим муассасасини ташкил этишни жадаллаштиришга келишиб олган.

Франциянинг турли шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро ва Хивага чартер рейсларни ташкил этган ҳолда сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилган.

Бундан ташқари, раҳбарлар халқаро кун тартибидаги масалалар, хавфсизликка умумий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр алмашган.

Учрашув якунида Ўзбекистон етакчиси Франция Президентига 2024 йилда Париж шаҳрида ёзги Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилаган.

Икки давлат раҳбари ҳам эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлашга топшириқ берган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 ноябрь куни Эммануэль Макрон Самарқандга етиб келганди. Бугун, 2 ноябрда Конгресс марказида уни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олдинроқ Мирзиёев ва Макрон тор доирада учрашув ўтказганди. Макрон келишидан олдин “Bloomberg” нашри Франция Президентининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан мақсад мамлакатнинг энергия хавфсизлигини яхшилаш эканини  ёзганди. AFP эса Елисей саройидаги манбасига таяниб, Макроннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан минтақада АҚШ ва Европа Иттифоқи билан бирга Париж ҳам ўз вазнини сақлаб қолишини мақсад қилганини хабар берганди..


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг