Ўзбекистон БМТнинг Кубага қарши санкцияларни бекор қилиш бўйича резолюциясини қўллаб-қувватлади
Олам
−
03 Ноябрь 2023
4860Кеча, 2 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси АҚШни Кубага қарши иқтисодий, тижорат ва молиявий санкцияларни бекор қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 187 давлат қўллаб-қувватлади, жумладан Ўзбекистон ҳам. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сайтида келтирилган.
Бош Ассамблея 31 йил кетма-кет блокадани бекор қилишни талаб қилувчи резолюцияларни қабул қилган. 1992 йилда уни 59 та давлат қўллаб-қувватлаган, 2017 йилда аллақачон 191, ўтган йили – 185, бу йил эса – 187. 2016 йилда Қўшма Штатлар ягона марта бетараф қолган.
Бу йилги резолюцияга икки давлат – АҚШ ва Исроил қарши овоз берди, Украина эса бетараф қолган. Ўзбекистон резолюцияни қўллаб-қувватлаган.
Ассамблея сессиясида кўплаб маърузачилар ўз овозларини тушунтиришда бирин-кетин Кубага қарши эмбаргонинг ноқонунийлигини таъкидлаб, бу БМТ Низомини қўпол ва мунтазам равишда бузиш эканини билдирган. Делегатлар блокаданинг Куба халқига етказаётган зарари, уларни асосий даромад ва асосий эҳтиёжлар, жумладан, дори-дармондан маҳрум қилаётгани ҳақида гапирган.
Куба Ташқи ишлар вазири Бруно Родригес Паррилла Бош Ассамблеядаги чиқишида АҚШ томонидан унинг мамлакатига нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкциялар Куба халқининг ҳуқуқлари кенг миқёсда бузилишига олиб келаётганини айтган. Резолюцияни ёқлаб овоз берган Америка Қўшма Штатлари вакили Пол Фолмсби эса санкциялар демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларини ривожлантириш воситаларидан бири дея иддао қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош Ассамблеяси бир гуруҳ араб давлатлари томонидан тайёрланган Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан сулҳ тузишга чақирувчи резолюцияни қабул қилганди. Ушбу резолюцияни 120 давлат қўллаб-қувватлаган, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада бўлиб ўтган 54-сессиясида Ғарб давлатлари ташаббуси билан Россияга қарши резолюцияга овоз бериш жараёни бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон бетараф қолганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь