Ўзбекистонга компаниялар миграцияси, собиқ Президентнинг хатолари, контракт тўлашдаги янгилик ва бошқа хабарлар
Жамият
−
09 Сентябрь 2019
5958Якунига етаётган 9 сентябрь санасида Ўзбекистон ва халқаро майдонда кўплаб муҳим воқеалар юз берди. Қуйида уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Самарқандда янги туннель қурилиши бошланди
Самарқанд шаҳрининг Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида туннель қурилиши бошланди. Қурилиш “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Кўприкқурилиш” трести УК томонидан амалга оширилмоқда. Туннель 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига тайёргарлик доирасида қуриляпти.
Атамбоев ва унинг шериклари қандай шароитда сақланяпти?
Қўй-Тош воқеаларидан бир ой ўтиб ҳибсга олинган Aлмазбек Aтамбоев ва унинг шерикларининг ҳибсдаги ҳолати маълум бўлди. Қўй-Тош ишидаги гувоҳлар - ҚСДП вакиллари Кундуз Жолдубаев, Aсел Кодуранова, Aдил Турдуқулов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 9-бўлим ходими, собиқ Президентнинг соқчиларидан бири бўлган Канат Сагинбаев ва Равшан Жеенбековларнинг барчаси сўроққа келишга ваъда берган.
Ўзбекистонда ҳисоблагичлар кўриги узайтирилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашевга кўра, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энергия манбаларини ҳисобга олиш приборларини қиёслаш билан боғлик ишларни амалга ошириш учун мурожаатлари Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинади.
Нурмуҳамедов Порье билан жанг учун рекорд даражада гонорар олди
UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг Дастин Порье билан жанг учун қанча гонорар олиши аниқ бўлди.
Жанг учун айтилган 6 млн доллардан ташқари Ҳабиб кечадаги энг яхши чиқиш учун 50 минг ва медиа-тадбирларда иштирок этгани учун яна 40 минг доллар олган.
Атамбоев хатолари ва нимадан афсусланишини айтди
Қирғизистоннинг ҳибсга олинган собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев давлат раҳбари сифатидаги фаолияти давомида йўл қўйган энг катта хатоси ва нимадан афсусланишини маълум қилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисига янги ўринбосар тайинланди
Дилбар Муҳамедхановна Ғуломова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари этиб тайинланди.
Ўзбекистондан чиққан юк машиналари Қозоғистонда тошбўрон қилинди (видео)
Ўзбекистондан йўлга чиқиб, Россиянинг Астрахан вилоятига кетаётган юк машиналари Қозоғистоннинг Атирау вилотида номаълум шахслар томонидан тошбўрон қилинди. Воқеа жорий йилнинг 7 сентябрь куни, оғирлик назорати постидан тахминан 5 километр узоқликда содир бўлган.
Доллар курси яна кўтарилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан 10 сентябрдан амалда бўлувчи янги қийматини белгилади.
Унга кўра, 1 АҚШ доллари 9395,63 сўмга тенг бўлиб, ўтган ҳафтадагига нисбатан 11,06 сўмга қимматлади.
Навбаҳор ХТБ раҳбари ўз уйида ўлдирилди
Навоий вилояти Навбаҳор тумани халқ таълими бўлими раҳбари Мадина Атаниязова турмуш ўртоғи томонидан ваҳшийларча ўлдирилди.
Дастлабки хулосаларга кўра, жорий йилнинг 6 сентябрь куни соат тахминан 20:20ларда Мадина Атаниязова ишдан келиб, эгнидаги кийимларини алмаштириш мақсадида ётоқхонасига кирган вақтида унинг турмуш ўртоғи Ш.Р. хонадаги кийим жавони ортидан чиқиб, Мадинага қўлидаги ошхона пичоғи билан ҳужум қилган.
Арқадағнинг ўғли янги шаҳар қуряпти
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Турманистоннинг Ахал вилояти Геоктепе туманида 2021 йил сентябргача қурилиши керак бўлган Aхал вилоятининг янги маъмурий маркази қурилиши муносабати билан тантаналар бўлиб ўтди. Йзган қишлоғида бошланган тадбирда ҳукумат аъзолари, парламент депутатлари, туманлар ҳокимлари, маҳаллий аҳоли ва иштирокида конференция бўлиб ўтди.
Чет элда қизи қамалган аёл Президентга мурожаат қилди
Қозоғистонлик Зуҳра Сейтимова Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга мурожаат қилди. У ўз мурожаатида қизининг чет элда қандай қамоққа ташлангани, шунингдек тергов жараёни ҳақида сўзлаб берди. Аёлнинг қизи Aкжаркин Турлибай 5 йил олдин Гуанчжоу аэропортида қўлга олинган эди. У гиёҳванд моддалар контрабандаси учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган
Қозоғистон компаниялари Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқда
Қозоғистоннинг ун ишлаб чиқариш бўйича бир қанча корхоналари Ўзбекистонга кўчиб ўтди. Маълум қилинишича, Қозоғистон компаниялари Ўзбекистондаги бизнес шароитлар Қозоғистонга қараганда қулайроқ бўлгани туфайли шундай қарорга келган.
“Бизда маълум “қайчи” бор, агар биз молимизни сотишни хоҳласак, унга мос келишимиз керак. "Гап шундаки, бугунги кунда буғдой нархини ун ишлаб чиқарувчилар, дон сотувчилар эмас, балки бизнинг асосий савдо бозорларимиз - Aфғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг харидорлари талаб қилмоқда", дея вазиятни шарҳлаган Қозоғистон донни қайта ишлаш ва нон ишлаб чиқарувчилар иттифоқи Президенти Евгений Ган.
Қашқадарё ИИБ семиз ходимлари бўйича ҳисобот берди
Қашқадарё вилояти Ички ишлар органларида семизлик даражалари бўйича ҳисобга олинган ходимлар билан олиб борилган чора-тадбирлар самара келтирмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида ижобий натижаларга эришилгани ҳисоботда айтилмоқда. Жорий йилнинг март ойи ҳолатига кўра вилоят Ички ишлар органлари тизимида мавжуд жами 1163 нафар ходим семизлик даражаларига киритилган.
ОТМда ўқиш учун контрактни ойма-ой тўлаш мумкин бўлади
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йилда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг ўрнатилишига шарҳ берди.
Аҳолига тўловларни амалга оширишда енгиллик яратиш мақсадида контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга бўлади.
LiveБарчаси